Жаҳон | 08:10 / 19.11.2022
5616
3 дақиқада ўқилади

Украина НАТОнинг 6 та давлати билан биргаликда қурол ишлаб чиқаради

Украина НАТО ҳарбий-саноат комплексига интеграция қилинмоқда. Бу ҳақда «Укроборонпром» тегишли баёнот билан чиқди.

Фото: Getty Images

Украина концерни альянснинг камида 6 аъзо давлати: Полша, Чехия, Франция, Дания ва бир қанча давлатлар билан биргаликда оғир қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқади ҳамда ишлаб чиқаради, улар билан тузилган шартномалар маълумотларни ошкор қилишни назарда тутмайди. 

«Шундай қилиб, биз қўшма мудофаа корхоналарини яратмоқдамиз, ўқ-дорилар ишлаб чиқаришнинг ёпиқ линияларини қурмоқдамиз, биргаликда зирҳли техника ва кўплаб ракета тизимларини ишлаб чиқармоқдамиз, янги юқори технологияли қуролларни биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз. Бунинг учун биз хавфсиз жойларда мавжуд қувватлардан ҳам, янги яратилган қувватлардан ҳам фойдаланамиз», - деб маълум қилди «Укроборонпром».

Бундан олдин олти давлат Украинани қўшимча артиллерия ва танкка қарши қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, қишки техника билан таъминлаши хабар қилинганди.

17 ноябрь куни онлайн тарзда якунланган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг («Рамштайн» формати) бир қатор аъзо давлатлари Киевга янги қурол етказиб беришини эълон қилди. «Германия ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун зарур бўлган зенит қуроллари, артиллерия ва ўқ-дориларни етказиб беришни давом эттиради. Греция 155 миллиметрлик артиллерия снарядларини топширишини эълон қилди», - деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.

Канада, ўз навбатида, Киевга 34 миллион доллар миқдорида ёрдам беради. Хусусан, гап ҳарбийлар учун қишки жиҳозлар, дронлар учун камералар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳақида бормоқда. Қайд этилишича, Канада «қишки жиҳозларнинг энг йирик донорларидан бири бўлиб қолмоқда». 

Швеция Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан бирга 287 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам беради. Испания иккита қўшимча Hawk зенит-ракета комплекси ва уларга ракеталарини топширади. Бундан ташқари, Полша қўшимча артиллерия ва танкка қарши қуроллар, шунингдек, қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга ваъда берди.

«Ушбу ёрдамнинг барчаси муҳим аҳамиятга эга бўлади, худди алоқа гуруҳи ёрдамида хавфсизлик ёрдамимизни мувофиқлаштириш каби», - дея хулоса қилди Пентагон раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид