Россия босқинининг илк кунлариданоқ бомбардимон остида қолган Миколайив шаҳри аҳолиси ҳам ўз уйларини, шаҳрини, ватанини тарк этиб, тинчлик ва омон қолиш учун бошқа ўлкаларга кетишга мажбур бўлди. Улардан бири Наталья Яковлева. Kun.uz журналисти онаси ва акаси билан хайрлашиб, ўғли билан узоқ, машаққатли “саёҳат”га чиқиш мажбур бўлган аёл билан интервью уюштирди. “Биласизми нима қийин бўлди? Мен уруш бошланганини ва биз зудлик билан уйимиздан кетишимиз кераклигини боламга қандай тушунтиришни билмасдим”, дейди Наталья.

Онам қўнғироқ қилиб, ҳақиқатан ҳам уруш бошланганини айтди

– Россия босқинининг илк кунлари ҳақида гаплашсак. Аҳолининг бу урушга муносабати қандай эди?

– Аслида, биз учун бу уруш 2014 йилдаёқ бошланган эди. 24 февралдан олдин биз нимадир содир бўлишини сезардик. Чунки маҳаллий ОАВларда Россиянинг чегара атрофларида, жумладан Беларус билан чегарасида қўшин тўплаётгани ҳақида маълумотлар чиқа бошлаган эди. Ўша вақтда дунёнинг турли минтақаларида яшайдиган дўстларим мени огоҳлантиришди: “Наташа, эҳтиёт бўл, уруш бўлиши эҳтимоли юқори!”. Уларнинг тахминларини инкор этиб бўлмасди, бироқ бизда шундоқ ҳам 8 йилдан бери уруш бўлаётган эди.  Аммо бошқа томондан олиб қараганда бу тарзда босқинчилик содир бўлишига унчалик ишонмаган эдим. Ахир ташқарида XXI аср. Бу даврда қонли уруш кўриш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди.

Соғлом фикрли инсон сифатида давлатларнинг ўзаро муроса қилиши музокаралар бўлиши, иш қирғингача етиб бормаслигига астойдил ишонар эдим. Шундай бўлса-да, босқиндан бир ҳафта аввал эҳтимолий воқеаларни муҳокама қила бошладик: ишхонада, уйда, дўстлар билан, қўшнилар билан. Қизиғи, аксар ватандошларим келишувга эришилишига ишонишар эди. Чунки бундай уруш ҳеч бир жиҳатдан  ҳеч кимга фойда келтирмаслиги аён эди.

Уруш бошланган куни эшикнинг тебранишидан уйғониб кетдим. Деразаларни очиб қараганимда, ташқарида портлашга ўхшаш овозларни эшитдим. Николаев маҳаллий нашрлари бу шунчаки машқлар эканлиги, ваҳимага ҳожат йўқлигини бонг ура бошлади. Онам Украина хавфсизлик хизматининг поликлиникасида ишларди. Ўша заҳотиёқ огоҳлантириш сигнали берилди. Онамни ишга чақиришди ва ўшандаёқ бу шунчаки ҳарбий машқлар эмаслигини тушуниб етгандим. Кейин, барча оммавий ахборот воситаларида Украинанинг турли ҳудудларида портлашлар бўлаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилина бошланди. Бир соатдан кейин Николаевда ҳарбий аэродроми портлатилди.

Тонгда онам қўнғироқ қилиб, бизда ҳақиқатда уруш ҳолати эканлигини айтди. Ўша тонгда Украина бўйлаб аэродромларга, ҳарбий қисмларга зарбалар бериларди. Ўшанда “Майли, аэродромларни портлатиб юборишгандир, қайсидир ҳарбий қисмларни нишонга олишгандир, шу тарзда бизни қўрқитишади-да, тинчланиб, ортга кетишади,” деб ўйлагандим.