Туркия мудофаа вазирлиги «Чангал ва қилич» номини олган амалиётдан мақсад «Истанбулда портлашлар тайёрлаган» курдларнинг базалари бўлганини маълум қилди.

Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси Истанбулда содир этилган терактга алоқадорлигини рад этмоқда.

Сурия курдлари ташкилотларидан бирининг вакили зарбалар қочқинлар яшайдиган икки қишлоқ бўйлаб берилганини маълум қилган.

Истанбулликлар 2022 йил 14 ноябрида шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида портлаш рўй берган жойдаги ёдгорликка гул қўймоқда.
Фото: BURAK KARA

Ҳаво рейдлари бошлангач, Туркия мудофаа вазирлигининг твиттер саҳифасида «ҳисоб-китоб соати» келгани ҳақида баёнот берилиб, қирувчи самолёт ҳавога кўтарилиши ва портлаш тасвирлари эълон қилинди.

«Террорчиларнинг бошпаналари, бункерлар, ғорлар, туннеллар ва омборлари муваффақиятли яксон этилди», деди Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар. Кейинроқ вазирлик Сурия ва Ироқ шимолида «курд жангарилари базалари» бўйлаб берилган зарбалар натижасида 89 нишон йўқ қилингани ҳақида маълумот берди.

Суриядаги курд қуролли тузилмалари жавоб чоралари кўришни ваъда қилишган ва зарбалар Кобани шаҳри, шунингдек аҳоли тиғиз яшайдиган икки қишлоқ бўйлаб берилганини билдиришган.

Истанбулдаги портлаш қурбонлари дафн маросими. Фото: BURAK KARA

Якшанба куни кечқурун Туркия давлат нашрлари Сурия ҳудудидан учирилган ракета зарбаси оқибатида Туркия-Сурия чегарасида уч киши яралангани ҳақида маълумот берди.

Офиси Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича обсерваторияси маълумотларига кўра, туркларнинг авиазарбалари оқибатида Суриянинг ўзида 30 киши ҳалок бўлган.

Ироқда қандай нишонларга зарба берилгани ҳозирча аниқ эмас.

Туркия курдларга Истанбулнинг гавжум кўчаларидан бирида олти киши ўлими ва 80 дан ортиқ киши яраланишига олиб келган портлашдан бир ҳафта ўтиб зарба берди.