Ўзбекистон ҳудудига Эрондан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутиляпти
Бугун Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Навоий вилояти шимолий ҳудудларида, Тошкент вилояти баъзи жойларида фронтал булутли чизиқлар ўтишида бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, кундузи ҳаво ҳарорати 13-15 даража илиқ, жанубда 18-21 даража иссиқ атрофида бўлади.
Сешанба кунидан бошлаб ва иш ҳафтаси охиригача Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони 6-8 даражага кўтарилади. Кундузи ҳаво ҳарорати сешанба куни – 15-17 даража илиққача, сўнг эса 18-20 даража иссиққача, баъзи жойларда 23 даража иссиққача кўтарилади.
Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти айрим жойларида сешанбага ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғларда ёғингарчилик бўлади. 21-22 ноябрда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.
Бугун ва эртага республика айрим жойларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.