2022 йилнинг апрел ойида Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш йўналишида ишловчи ишчи гуруҳ тузилган эди.
Ишчи гуруҳга амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган эди. Бу таклифлар парламент томонидан кўриб чиқилиши айтилганди.
Аммо орадан ўтган вақт давомида бу муаммо юзасидан Сенатда сукунат ҳукм сурди. Гуруҳ таркибида фаолият олиб борган жамоатчилик фаоли, профессор Барногул Санақулованинг маълум қилишича, берилган таклифлар тақдири номаълум бўлиб қоляпти.
“2022 йилнинг апрел ойларида Сенат раиси Танзила Норбоева жамоатчилик фаолларини тўплаб йиғилиш ўтказди ва хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масаласида аҳвол жуда чатоқлигини таъкидлади. Бу йиғилиш анча танқидий руҳда ўтди.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликларга қарши курашиш мақсадида қонунларни ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилди. Унга барча вазирлик-идоралар, жамоатчилик фаоллари, шу йўналишдаги ННТлар киритилди. Биринчи йиғилиш Сенат раиси бошчилигида, кейингилари эса Сенатнинг суд-ҳуқуқ бўйича қўмитаси раиси томонидан ўтказилди.
Бир неча маротаба йиғилиб аёллар ва болалар зўравонлиги юзасидан жазони муқаррар қилиш, кучайтириш, тарғиботни кучайтириш бўйича қонунларни муҳокама қилдик. Муҳокамалар жуда кескин ва қизғин тарзда ўтди. Қонунларга киритиладиган ўзгартишлар юзасидан ҳаттоки битта сўз устида қаттиқ тортишувлар бўлди”, деди Санақулова.
Унинг сўзларига кўра, зўравонликка қарши қонунларда “лазейка”лар қолдирилганки, ўқиган одамда бу қонунларни зўравон ёки унинг адвокати ёзган, деган тасаввур уйғонади.
“Мисол учун, 12 яшар қизни зўрлаган одам қандайдир жамоатчилик ишларини бажариш ёки жарима тўлаш, жуда борса 2-3 йиллик жазони ўташ билан қутулиб кетиш мумкин. Бу дегани, агар пули, мансаби бор ёки “таниш-билиши” бор одам бу ишни қилиши, яъни педофилизм билан шуғулланиши мумкин. Бунга қонунларда имкон қолдирилган.
Муҳокамалар ўтди, махсус комиссия томонидан барча ҳужжатларни тақдим этдик. Бу қонунлар жорий йилнинг август ойида қабул қилиниши керак эди. Лекин орадан 7 ой ўтса-да ҳали муҳокамага қўйилмади. Энг қизиғи, қонун лойиҳасининг тақдири билан қизиқсак, ҳалича аниқ жавоб берилмайди. “Кўриляпти, тақдим этилди, муҳокама қилиняпти” деган жавобларни беришади. Айнан қайси босқичда кўриб чиқиляпти, унга кимлар тўсқинлик қиляпти, булар жумбоқ”.














