14:54 / 23.11.2022
3412

АЭХА раҳбари Россия делегацияси билан ЗАЭС атрофидаги вазиятни муҳокама қилди

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси Истанбулда «Росатом» раҳбари Алексей Лихачев бошчилигидаги Россия делегацияси билан учрашди. 

Фото: Reuters

Томонлар Запорижжя АЭС хавфсизлиги ва унинг атрофида хавфсизлик зонасини ташкил этиш билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар, деб хабар берди АЭХА. 

Баёнотда бир неча ойдан бери ўққа тутилаётган ЗАЭС атрофида зудлик билан ядровий хавфсизлик зонасини яратиш зарурлиги қайд этилган. 

Томонлар Европадаги энг йирик атом электр станцияси муаммоси бўйича ҳамкорлик ва мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар берди «Росатом».

Бундан олдин Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси Россия назорати остидаги Запорижжя атом электр станциясида «ядро реакторлари яқинида хавфли даражада рўй берган» портлашларни ўта хавфли деб атаганди.

Гроссининг сўзларига кўра, «гап километрлар ҳақида эмас, балки метрлар ҳақида кетаётгани» ниҳоятда хавотирли.

«Ушбу йирик АЭС ҳудудида портлашлар содир бўлди, буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бунинг ортида ким турганидан қатъи назар, зудлик билан тўхтатиш керак. Кўп марта айтганимдек, улар олов билан ўйнашмоқда», - деди Гросси. 

АЭХА ҳисоботида айтилишича, душанба куни агентлик ходимлари атом электр станциясининг хавфсизлигини текширади. Бироқ, «Росэнергоатом» инспекторларга чекловлар қўйган.

«Агар улар ядровий хавфсизликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган объектни текширишни истасалар, уларга рад жавоби берилади», деди «Росэнергоатом» раҳбари маслаҳатчиси Ренат Карчаа ТАСС’га.

Бундан олдин Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳудудида 19 ноябрь куни кечқурун ва 20 ноябрь куни эрталаб портлашлар эшитилганди, натижада ЗАЭС ҳудудида баъзи бинолар, тизимлар ва ускуналар шикастланган. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик маълум қилди.

Кузатувчилари станцияда бўлган АЭХАга кўра, етказилган зарар ядро хавфсизлиги учун жиддий эмас. Агентликнинг Запорижжя АЭСдаги мутахассислари штабга хабар беришича, 20 ноябрь куни эрталаб қисқа вақт ичида ўндан ортиқ портлаш овозлари эшитилган, уларнинг баъзиларини деразалардан кўришган. Афтидан, станцияни ўққа тутиш қайта бошланган, деди АЭХА.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top