23 ноябр куни Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган, қиймати 300 млн сўмлик, жами 34 минг 200 қути тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда божхона, экология, санитария-эпидемиология ходимлари ва мажбурий ижро тузилмалари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари бошқа идоралар билан ҳамкорликда 4 та ҳолатда тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомаладан олиб қўйган.

Жумладан, 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган  ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн сўмлик 7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

20 ва 27 апрел кунлари Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, яна бир шахс эса 61,3 млн сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

2022 йил 21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига моҳирлик билан яширилгани фош қилинган.

Маълум бўлишича, ашёвий далил тариқасида олинган, қиймати 300 млн сўмлик, жами 34 минг 200 қути тамаки маҳсулотлари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ва акциз маркалари билан қадоқланмаган.

Суд ҳукмига кўра, йўқ қилиши белгиланган тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.

“Эътибор берсак, инсонлар соғлиғига етказадиган зарари ҳақида қонунчиликда белгиланган огоҳлантиришлар ушбу тамаки маҳсулотларида мавжуд эмас. Шу жиҳат ҳам бу маҳсулотлар ноқонуний олиб кирилганини тастиқлайди. Ижтимоий тармоқларда чекувчиларнинг мулоҳазаларини ўқиб тураман. Улар қалбаки тамаки маҳсулотларини чекканида маза қилишини айтишади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ноқонуний олиб кирилаётган тамаки маҳсулотлари таркибида никотин ва бошқа моддаларнинг миқдори меъёридан кўпроқ. Шу сабабли қалбаки сигаретлар сифатлироқдек туюлади. Ваҳоланки, буларнинг одатий тамаки маҳсулотларига нисбатан соғлиққа етказадиган зарари бир неча баробар юқори”, дейди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари в.б.