Жамият | 16:59 / 25.11.2022
11508
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 1 млрд сўмлик пиротехника воситаларининг яширин олди-сотдиси фош қилинди

Пиротехника воситалари Бухоро шаҳридаги ов қуролларини сотиш учун мўлжалланган савдо дўконидан юк машинасига ортиб олиб чиқилган. 

Давлат божхона қўмитаси ва Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс юк автотранспорт воситасига ортилган пиротехника воситаларини 83 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 50 минг АҚШ долларини қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинган. Пиротехника воситалари 19 турдаги 7 016 дона салютдан иборат эканлиги ҳамда у шаҳардаги ов қуролларини сотиш учун мўлжалланган савдо дўконидан юк автотранспорт воситасига ортилганлиги аниқланган. 

Мазкур салютлар хавфлиликнинг II классига тегишли бўлиб, 2021 йилнинг 2 декабридан эътиборан жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва фойдаланилиши тақиқланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушбу ҳолатда олиб қўйилган пиротехника воситаларининг умумий қиймати 1 млрд сўмни ташкил қилмоқда”, — дейилади қўмита хабарида.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид