Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, Жалолободда Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат халқаро наркогуруҳ аъзолари қўлга олинган.
«Тўқтўғул боғи яқинида Андижон вилоятида яшовчи 34 ёшли Х.Ш.Ш вазни 2 кг 300 г бўлган чаррас олаётган вақтида жиноят устида ушланди. Фуқаро Жалолобод вилоятининг Орол қишлоғида яшовчи, Қирғизистон фуқароси бўлган аёл P.O.A орқали Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддаларини олиб киришни режалаштирган», — дейилади хабарда.
Шериклар автовокзал яқинида ушланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жалолобод вилояти бошқармаси тергов бўлимига олиб борилган ва тергов изоляторига жойлаштирилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

















