Дастлаб “Тиллали” ва “Сайхун” конларида олиб борилаётган ишлар билан танишилди. “Тиллали” конидаги консервациядан қайтариш бўйича таъмирлаш ишлари якунланган 3-сонли қудуқни ўзлаштириш ишлари ўрганилди.

“Тиллали” ва “Сайхун” конларида режалаштирилган яна 7 та қудуқни консервациядан қайтариш тадбирларини олиб бориш ва улардан қазиб олинадиган табиий газни “Бескала” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига узатиш учун 17 км узунликдаги газ қувурини лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш бўйича Устюрт бошқармаси раҳбарияти ҳамда тегишли департамент бошлиқларига кўрсатмалар берилди.

Устюрт регионида углеводородлар захирасини ўстириш Дастури доирасида олиб борилаётган бурғилаш ишларини назорат қилиш мақсадида, “Жагиз” майдонидаги 1-сонли, “Бойлик” майдонидаги 1-сонли, “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 3-, 4-сонли ва “Қуйи Сургил” конидаги 10-сонли излов қидирув қудуқларини бурғилаш жараёнлари кўриб чиқилди.

Ўрганиш жараёнларида ушбу қудуқларда захираларни ўстириш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли мутахассисларга вазифалар белгилаб берилди.

“Қуйи Сургил” конидаги 16-сонли қудуқда, қудуқ тубини чуқурлаштириш бўйича олиб борилаётган мураккаб таъмирлаш ишлари жойидан ўрганилди. Шундан сўнг “Қуйи Сургил” конидаги 24-, 25 ва 26-сонли ишлатиш қудуқларини бурғилаш ишлари билан танишиб чиқилди.

Бундан ташқари, бошқарув раиси бурғилаш ишларида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар борасида суҳбатлашди. Устюрт регионида ноқулай об-ҳаво шароитида меҳнат қилаётганлари, табиий газ қазиб чиқарилишидаги машаққатли меҳнатлари учун уларга миннатдорчилик билдириб, улар учун янада кўпроқ қулайликлар яратилиши борасида фикр алмашилди.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассислари томонидан куз-қиш мавсумида аҳолининг табиий ва суюлтирилган газга ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани бўйича ҳисобот берилди.

Хусусан, бошқармада 6 та технологик қурилма, 2 та қозонхона, 15 та қозон, 71 та сиғим, 4500 метр электр тармоқлари, 12 та трансформатор подстанциялари, 6 та дизель электр станцияларининг ишчи ҳолати, 10 та узлуксиз электр таъминоти манбалари (UPS) ишчи ҳолати, 11 та захирани автоматик улаш қурилмалари (АВР) ишчи ҳолати ва 2 та газ тақсимлаш пунктлари (ГТП) текширилиб, мавсумни беталафот ўтказиш учун чоралари кўрилган.