“Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани, Йўлдош мавзесида жойлашган авария ҳолатидаги ва маънан эскирган кўп квартирали уйларни реновация қилиш орқали аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази объектларини қуриш ва сақлаш дирекцияси буюртмаси асосида Kentsel Yenileme Merkeze (KEYM) лойиҳа ташкилоти томонидан Янгиҳаёт тумани бош режаси лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилган;
Янгиҳаёт тумани, Йўлдош мавзесида жойлашган эскирган ёки яроқсиз кўп квартирали уй-жой фонди хатловдан ўтказилган ҳамда инструментал ўрганишлар натижасига кўра 4283 та хонадонли 406 та уй авария ҳолатида деб топилган, мазкур уй-жойларда яшовчи фуқаролар томонидан уй-жой шароитини яхшилаш учун янги уй-жой қуриб бериш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни 7-моддасида кўп квартирали уй-жойга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланган.
Президентнинг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар ўз ҳудудларидаги кўп квартирали уйлар жойлашган ва уларга туташ ер участкаларини умумий фойдаланиш учун (нотижорат мақсадларда) кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш юзасидан қарорлар қабул қилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахслар мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўп квартирали уй эгаллаб турган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда – томонлар келишувига кўра мулкдорга ўша ёки бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган майдон аввалги квартира майдонидан кичик бўлмаган квартира мулк қилиб берилиши, бунда мулкдорга ушбу квартира топширилгунга қадар у ва унинг оила аъзоларига талабгор тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан вақтинчалик ижарага турар жой берилиши белгиланган.
Президентнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат ташкилотларига ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган.







