Жаҳон | 08:36 / 25.11.2022
7760
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Херсоннинг ўққа тутилиши ютқазганларнинг қасосидир

Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Россиянинг Херсонга амалга оширган зарбаларига изоҳ берди. 

Фото: president.gov.ua

«Мен деярли ҳар соатда оккупантларнинг Херсон ва минтақадаги бошқа жамоаларга ҳужумлари ҳақида хабарлар оламан. Бундай террор Россия армияси Херсон вилоятини тарк этишга мажбур бўлганидан сўнг дарҳол бошланди. Бу ютқазганларнинг қасосидир», - дейди Украина президенти.

«Улар қандай курашишни билмайдилар. Улар ҳозиргача қила олган ягона нарса - террор қилиш. Ё энергетик террор, ё артиллерия, ё ракета террори - Россия ҳозирги раҳбарлари даврида мана шундай деградацияга учради», - дея қўшимча қилди Зеленский.

Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украина энергия тармоқларига зарба беришини инсониятга қарши жиноят деб атаганди. 

БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши иштирокчиларига видеомурожаати чоғида у: «ҳарорат нолдан паст бўлиб, миллионлаб одамлар энергия таъминотидан маҳрум бўлганида, бу инсониятга қарши очиқ жиноятдир», деди.

Аввалроқ Зеленский Москвани Украина томонидан амалга оширилган навбатдаги йирик ракета ҳужуми муносабати билан террор ва қотилликда айблаб, Украинанинг БМТдаги элчисига жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказишни сўрашни топширганди. 

«Тинч аҳолининг ўлдирилиши, фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлиши - булар терактлар. Жаҳон ҳамжамияти бунга қатъий жавоб бериши керак», - дея таъкидлади у.

Мавзуга оид