Қозоғистонда 21 ноябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ғалаба қозонди. У кучсиз ва машҳур бўлмаган номзодлар билан рақобатда 81 фоиз овозни қўлга киритди.

Мустақил кузатувчилар сайловчиларнинг 70 фоизи сайловда қатнашгани ҳақдаги маълумотни шубҳа остида олди. Сайловдаги бу натижа, албатта, жиддий норозиликларга сабаб бўлмади. Чунки Қозоғистонда январ ойида юз берган оммавий норозилик намойишларида инсонлар ҳалок бўлди, қозоғистонликлар феврал ойидан бери Россиянинг Украинадаги урушини кузатмоқда ва улар янги тартибсизликларни хоҳламайди.

Участка сайлов комиссияси раиси ва комиссия жойлашган мактаб директори Ойгул Нурадилова йиғилган журналистларга президент сайловига байрамдек муносабатда бўлишини айтади. Унинг сайлов участкасидаги сайлов комиссиясининг барча аъзолари миллий либос кийган ва биринчи келган сайловчиларни бўғирсоқлар билан кутиб олган.

«Овоз бериш ҳар бир қозоғистонликнинг фуқаролик бурчидир. Ва умид қиламанки, кўпчилик овоз билан амалдаги президентни сайлаймиз, чунки биз бир халқ ва бир миллатмиз, бизни ягона келажак кутмоқда», ­— деган Нурадилова очиқчасига.

Президент ва массовка

Бу картина, умуман олганда, сайлов қандай атмосферада ўтганини ифодалайди. Ушбу президентлик сайловлари муддатидан олдин бўлиб ўтди: Тўқаев президентлик сайлови ўтказилишини, президент эндиликда фақат бир марта, аммо етти йиллик муддатга сайланиши белгиланган конституциявий ислоҳотлардан сўнг эълон қилди.

Тўқаев сайловда 81 фоиздан кўпроқ овоз олди, иккинчи ўринни эса «барча номзодларга қарши» рукни эгаллади. 6 фоиз сайловчилар номзодларнинг барчасига қарши бўлди.

Учинчи ўринни «Овул» партиясидан номзод Жигули Даирабоев эгаллади. Сайловчиларнинг 3,33 фоизи уни қўллаб овоз берди – бу Марказий сайлов комиссиясидан (МСК) мажбурий гаров пулини қайтариб олиш учун ҳам етарли фоиз эмас (бунинг учун 5 фоиз овоз йиғилиши керак эди).

Қолган тўрт номзод жиддий тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормади. Улар асосан бир-бирини танқид қилди ва ўз чиқишларида Тўқаевни умуман тилга олмасликни афзал кўрди. Амалдаги президент, собиқ СССР мамлакатларида 1990-йиллардан бери мавжуд бўлган анъанага кўра, ҳатто теледебатларда ҳам иштирок этмади.