Ўзбекистон | 13:56 / 30.11.2022
4697
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: талаба ва мактаб ўқувчилари учун ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсия ташкил этилди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган бўлиб, айни пайтда ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарига мактаб ўқувчилари учун экскурсиялар ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Шу муносабат билан 22-23 ноябрь кунлари Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабалари ва Тошкент шаҳрида жойлашган Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ғузор тумани 68-сон давлат ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш заводларига экскурсиялар ташкил этилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Учрашув аввалида, талаба ва ўқувчи ёшларга мутахассислар томонидан корхоналар ҳудудида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш тўғрисидаги йўриқнома тушунтириб ўтилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Сўнг келажак авлодни бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Шўртан газ кимё мажмуаси, “Uzbekistan GTL” заводидаги юқори технологияларга асосланган қурилмалар ва ускуналар билан таништирилди. 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ушбу экскурсия ёшларда катта қизиқишлар уйғотди ва улар ўзларига ҳамроҳлик қилган мутахассислардан қизиқтирган барча саволларига жавоблар олишди.

Бу каби экскурсиялар талаба ва ўқувчиларда катта таассурот қолдириш билан бирга ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим муассасалари орасидаги ҳамкорликни давом эттиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.  

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўқиш ва амалиётнинг уйғунлиги албатта келажак авлод учун пойдевор вазифасини бажаради. Бу амалиётнинг "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан қўллаб-қувватланиши эса нефть ва газ соҳасида етук кадрларни етиштиришда катта ҳисса қўшади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид