Жаҳон | 08:12 / 30.11.2022
7389
2 дақиқада ўқилади

Украина НАТОдан Patriot ҳаво мудофаа тизимини талаб қилди

Украина НАТОдан «ер-ҳаво» бошқариладиган ракеталари билан жиҳозланган Patriot зенит ва ракетага қарши мудофаа тизимларини сўради. 

Фото: TASR

Киевга бу мажмуалар «зудлик билан» керак, деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба альянс мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтаётган Бухарестда. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбат чоғида Кулеба ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига навбатдаги ҳужумларининг олдини олиши кераклигини таъкидлади. 

Полша аввалроқ Германия ҳукуматини ушбу мақсадлар учун Украинани Patriot билан таъминлашга чақирган эди. 

Шу билан бирга, Бухарестда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок қуролни топширишга нисбатан шубҳаларини билдирди. НАТО «иттифоқ зонасида» етарлича мудофаа тизимлари мавжудлигини таъминлаши керак, деди Бербок. 

У Берлин аллақачон Киевга етказиб берган IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизими борлигини эслатди.

Бундан олдин Украина Словакиядан 30 та БМП-1 пиёда жанговар машинасини олгани хабар берилганди. Бу ҳақда Словакия мудофаа вазири Ярослав Надь маълум қилди. 

Ускуналар Германия билан келишув асосида Украина томонига топширилди, дея тушунтирди Надь.

У Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехтга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид