Жаҳон | 15:51 / 01.12.2022
26769
6 дақиқада ўқилади

Овга чиққан украин жангчилари, Киевда шам ёруғидаги концерт. Уруш суратлари

Россия ҳарбийлари Херсонни ўққа тутишда давом этмоқда. 30 ноябр тонгида 70 ёшли аёл ўз квартирасида ҳалок бўлган, яна бир киши яраланган. Херсон бадиий санъат музейи биноси шикастланган. РФ мудофаа вазирлиги Донецк йўналишидаги юриш чоғида Белогоровка ва Озаряновка қишлоқлари эгаллангани ҳақида маълумот берди. Украина томони бу маълумотни изоҳламади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен твиттерида уруш бошидан буён 100 мингдан ошиқ украин ҳарбийси ҳалок бўлгани келтирилган видеони намойиш этди. Кейинроқ унинг ўрнига янгисини жойлади – унда бу рақамлар йўқ – ва гап Украина қўшинининг жами йўқотишлари, яъни қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида кетаётганини, рақамлар эса учинчи томон манбаларидан олинганини айтди. Украина мамлакат армияси йўқотишлари тўғрисидаги маълумот хизмат сирига оид маълумот эканини маълум қилди ва фон дер Ляйен бу рақамларни қаердан олгани текширилишини билдирди. Володимир Зеленский Украинани тиклаш учун триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашга тўғри келишини маълум қилди

Қуйида 30 ноябр, урушнинг 280-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Одесса ҳайвонот боғи уй жониворларини қабул қилмоқда

Кенг кўламли уруш бошланганидан буён Одесса ҳайвонот боғи директори Игор Беляковнинг кўрсатмасига биноан украинлар хорижга ўзлари билан олиб кета олмаган 700 дан ортиқ жониворлар боғга қабул қилинган. Эндиликда ҳайвонот боғида итлар, мушуклар, илонлар, қуёнлар, олмахонлар, қушлар, товуқлар, тошбақалар, буқаламунлар ва ҳашаротлар ҳам яшамоқда. Уруш даврида 300 дан ортиқ киши ўз жониворларини олиб кетиш учун қайтган, айрим жониворларни эса янги оилалар қабул қилган.

Бундан ташқари, Одесса ҳайвонот боғида баҳорда машҳур бўлиб кетган Харкивдаги ҳайвонот боғидан олиб чиқилган оқ шерлар ҳам яшамоқда. Ўшанда Харкивдаги ҳайвонот боғидаги жониворлар ва қушлар қарийб икки ой давомида отишмалар остида яшаган ва уларнинг кўп қисми нобуд бўлган. Хавфли эканига қарамай, ҳайвонот боғи ходимлари омон қолган жониворларни олиб чиқиш учун боришган. Айримларини экопарк эгаси, украиналик бизнесмен ва Олий рада депутати Александр Фельдман ўз уйига қабул қилган, қолганлари эса мамлакатдаги бошқа ҳайвонот боғларига, жумладан Одессага жўнатилган.

Ўрдакларга қараб турган хонаки мушук
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Ҳайвонот боғи ходими каламушни озиқлантирмоқда
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Аквариумдаги қизил қулоқли тошбақа
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Донбассдаги украин жангчиларининг кундалик ҳаёти

30 ноябр кунги брифингда Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко россиялик ҳарбийлар минтақада сезиларли ютуқларга эриша олмаётганини маълум қилди. «Донецк областидаги вазият мураккаб ҳисобланади, аммо барчаси назорат остида. Душман ўз ҳужум ҳаракатлари билан, ҳимоячиларимизнинг мардонаворликлари туфайли, олдинга силжий олмаяпти ва муваффақиятга эришмаяпти», — деган Кириленко. У шунингдек област ҳудудида бирорта хавфсиз жой йўқлигини таъкидлаган. 

Северскдаги озиқ-овқат дўконида харид қилаётган украин ҳарбийси —  Словянск ва Россия томонидан босиб олинган Северодонецк шаҳарлари ўртасида жойлашган Северск Украина армияси назоратида қолмоқда.
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари балиқ овида
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучлари жангчиси чироқ ёруғида оёқ кийимини тозаламоқда
Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

Украинанинг «Буран» баравар ўт очиш реактив тизими

«Буран» баравар ўт очиш реактив тизими украинлар томонидан советларнинг БМ-2 «Ураган» тизимига муқобил сифатида ишлаб чиқилган. «Буран» синовлари 2020 йилда ўтказилган, 2022 йилда эса Украина қуролли кучлари бу тизимдан фронтда фаол фойдалана бошлади. Бу «Буран» жанг майдонида қўлланаётгани акс этган илк кадрлар. Бу кадрлар Донецк областида олинган.

Serhii Nuzhnenko / RFE / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA
Serhii Nuzhnenko / RFE / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA

Украина шаҳарларида токсиз ҳаёт

Бутун Украина бўйлаб электр энергиясидан режали ўчиришлар давом этмоқда. Мамлакат ҳукумати мутахассисларга Россия томонидан зарбалар туфайли шикастланган энергия тизимини тиклаш имконини бериш учун шундай чорага қўл урмоқда. Бундай зарбалар 10 октябр куни бошланган, сўнггиси — 23 ноябр куни берилган.

Киев областидаги Ирпин шаҳри аҳолиси вакиллари ўйин олдидан футбол дарвозасига қўлбола чироқ ўрнатмоқда
Andrew Kravchenko / AP / Scanpix / LETA
Ирпинда қоронғиликда ўтказилаётган футбол ўйини
Andrew Kravchenko / AP / Scanpix / LETA
Скрипкачи Катерина Бойчук ва пианиночи Елена Жукова Киевдаги Архитекторлар уйида шам ёруғида концерт бермоқда
Jeff J Mitchell / Getty Images

Мавзуга оид