Испания ҳукумати хавфсизлик хизмати ходимлари бош вазир Педро Санчес номига юборилган ва ичида портловчи модда бўлган конвертни аниқлади ва зарарсизлантирди.

Конверт 24 ноябр куни почта орқали жўнатилган, бироқ расмийлар бу ҳақда Испаниядаги турли манзилларига портловчи моддалар солинган яна 4 та пакет юборилганидан сўнг хабар беришди.

Воқеалар кетма-кетлиги қуйидагича:

  • 24 ноябр – бош вазир Педро Санчесга йўлланган мактубда портловчи моддалар топилган (бу ҳақда фақат 1 декабрда айтилган).
  • 30 ноябр – Мадриддаги Украина элчихонасида портлаш, Испания шимоли-шарқидаги Instalaza қуролсозлик компаниясида портловчи моддалар бўлган хат аниқланиши.
  • 1 декабр – бирданига учта бомба: Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Ардос авиабазасида, Испания Мудофаа вазирлиги ва АҚШ элчихонасида.

30 ноябр куни тушдан кейин бомба солинган пакет Украинанинг Мадриддаги элчихонасида аниқланди. Портлаш содир бўлди, оқибатда хавфсизлик ходими қўлидан енгил жароҳат олди. Украинанинг Испаниядаги элчиси Сергей Погорелцевнинг сўзларига кўра, элчихона коменданти пакетни ҳовлига олиб чиққан ва шубҳали чиқиллаш овозини эшитиб, уни дарҳол отиб юборган.

Погорелцев портловчи мослама солинган пакетни юбориш ортида Россия туриши мумкинлигини тан олди. «Биз тажовузкор мамлакатнинг террорчилик усулларини биламиз ва юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай фавқулодда вазиятга тайёрмиз», деди у 24 Horas телеканалига берган интервюсида.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба зудлик билан Украинанинг барча элчихоналари хавфсизлигини кучайтириш бўйича кўрсатма берди. Вазир, шунингдек, ушбу портлаш уюштирилиши ортида ким бўлишидан қатъи назар, улар украиналик дипломатларни қўрқита олмаслигини ёки Россия агрессиясига қарши туриш учун кундалик ишларини тўхтата олмаслигини таъкидлади.

30 ноябр куни Испанияда яна бир пакет топилди. У Сарагосадаги ҳарбий техника, жумладан, танкка қарши қўл гранаталари ва тунги кўриш мосламаларини ишлаб чиқарувчи Instalaza компаниясига жўнатилган. Компания дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатларига қурол етказиб беради ва Украина армияси Россия босқинидан ҳимояланиш учун Instalaza ишлаб чиқарган танкка қарши граната отувчисидан фойдаланади. Сарагосадаги ҳукумат матбуот котиби Роза Серранонинг сўзларига кўра, пакет Украинадан юборилган.

1 декабр эрта тонгда худди шундай портловчи модда солинган конверт Мадрид провинцияси, Торрехон-де-Ардос шаҳридаги авиабазага етиб борган. Жўнатма Украинага маълумот етказиб берадиган сунъий йўлдош марказига почта орқали юборилган. Испания ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, рентген таҳлили ёрдамида пакет ичида маълум механизм топилган. Тревога асосида авиабазани қўриқлаш учун фуқаролик гвардияси (Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий тузилмаси) ва полиция жангчилари жўнатилган. Испания мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлаб, авиабазага ҳеч қандай зарар етказилмаганини таъкидлади.