Жамият | 14:08 / 02.12.2022
19344
3 дақиқада ўқилади

“Турмуш қурдим, лекин фарзанд кўришим мумкин эмас экан...” — оналик бахтига етишни орзу қилаётган аёл кечинмалари

Хуршида болалигида икки марта вирусли гепатит хасталигини бошдан кечирган. 11 синфни битирганида шифокорлар унга жигар циррози ташхисини қўйишди. Ўн етти йилдан буён ушбу дард билан курашиб келаётган Хуршида ҳозир касалликнинг мураккаб босқичида. Унинг жигарини алиштирилмаса, даволанишлар ортиқ наф бермайди.

“Охирги марта жуда қаттиқ шишиб кетдим. Ҳатто укол-дори улашганида томиримга жўната олишмади. Докторлар уч кунлик умри қолди, деб қайтариб юборишди. Лекин Худога шукр, уйдагиларим у ёққа чопишди, бу ёққа чопишди, мени оёққа турғизишди.

Акам чет элда ишлаб мени даволатиш учун пул жўнатиб турарди. Ўзи ҳам жигар циррозига чалиниб қолди. Охирги босқичи, операция қилдирмаса бўлмайди, дейишди. Мол-ҳолимизни, яшаш учун бироз қисмини қолдириб ҳовлимизни, машинамизни сотдик. Қариндош-уруғ, дўст-ёрлар ёрдам қилишди. Ҳиндистонда операция қилдириб келдик.

Худо ўзи куч берар экан. Ўша пайтда оёққа туриб, югур-югурларини қилдим. Янгам акамга донор бўлди. Худога шукур, аста-секин соғлиқлари тикланяпти. Лекин энди мени операция қилишга тўғри келяпти”, - дейди Хуршида кўз ёшларини тиёлмай.

Таҳлил натижаларини олиб, докторнинг олдига яхши хабар эшитиш илинжида кўзлари ёниб кирган Хуршида, кўзларининг ёниғини ўша хонага ташлаб чиқди. Умиди чилпарчин бўлди. Операция қилмаса, ҳаммаси тамом.

Лекин шифокорнинг операциядан кейин соғлиғинг тикланади, сен она бўлишинг ҳам мумкин, дея айтган сўзлари, унга қайтадан умид бағишлади.

“Ҳар бир аёл оналик бахтини ҳис этишни хоҳлайди. Фарзандини бағрига босгиси, аяжон, дадажон деган сўзларини эшитгиси келади. Худога шукр, турмушга чиқдим, аммо соғлиғим сабаб она бўлиш мумкин эмас. Лекин шифокорнинг сўзлари мени яшашга, курашишга ундаяпти. Мен она бўлишим мумкин, деган ўйнинг ўзиданоқ юрагимга илиқлик киряпти” - дейди аёл энтикиш билан.

Хуршидани даволаш мумкин, аммо акасини даволатишганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган бу оила ўзини моддий томондан тиклаб олганича йўқ. Ота-онаси кекса, куч-қувватдан қолган. Акасига ҳам ҳозирча жисмоний иш қилиш мумкин эмас.

“Синглим учун ҳамма нарсага тайёрман. У ҳозир нимани ҳис қилаётгани, оғриқ қандай азоб бераётганини мен ҳаммадан кўпроқ тушунаман, чунки шу кунларни бошимдан ўтказганман.

Хонасида йиғлаб, илтижо қилиб ўтирганини кўрганимда юрагим ўртаниб кетади. Қанийди, аввалги соғлиғим бўлса, кеча-ю кундуз тинмай ишласам ҳам майли, синглимнинг операцияси учун керакли бўлган маблағни топиб берган бўлардим”, - дейди Муҳсинжон ака ўкинч билан.

Хуршидахон Жўраевага оид маълумотлар:

Узсард: 8600 0610 1315 0700 беморнинг номида

Виса: 4231 2000 0204 8345 турмуш ўртоғи Абдусалом Саидов номида

Манзил: Фарғона вилояти, Қува тумани, “Султонобод” МФЙ, Тожмаҳал-27

Мавзуга оид