Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл-патруль хизмати ходимлари йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган йўл-патруль хизмати ходимлари йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Низом 2-бандида кўрсатилган асосий тушунчалардан бири махсус мосламалар тушунчасига транспорт воситалари ҳайдовчилари гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканини аниқловчи наркотестер махсус техник воситаси киритилмоқда.
Низом 6-боби (йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажаришда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби) янги таҳрирда қабул қилинмоқда.
Билдирилишича, йўл-патруль хизмати ходимлари махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби бўйича Туркия ва Грузия каби мамлакатлар тажрибалари кенг ўрганиб чиқилган.
Лойиҳа қабул қилиниши республика ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисалари олдини олишга, жиноятлар фош этилишига ҳамда жиноятлар содир этиш ҳолатлари камайтирилишига хизмат қилади.
















