Жаҳон | 10:19 / 07.12.2022
8505
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Украина хавфсизлиги учун 800 миллион доллар ажратади

АҚШ Конгрессининг тегишли қўмиталари 2023 йил учун Миллий мудофаа маблағлари тўғрисидаги қонунни келишиб олди. Киевга ёрдам у ерда USAI линияси орқали рўйхатга олинган.

Фото: Getty Images

АҚШ Конгрессидаги тегишли қўмиталар 1 октябрда Қўшма Штатларда бошланган 2023-молия йили учун Миллий мудофаа тўғрисидаги қонунни (National Defense Authorization Act, NDAA) келишиб олди. 6 декабрь, сешанба куни Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитаси раиси ва аъзоси Адам Смит ва Майк Рожерс ҳамда Сенат Қуролли кучлар қўмитаси раиси ва аъзоси Жек Рид ва Жим Инхоф ҳужжат матнини эълон қилди.

Унга кўра, NDAA Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг таъминланиши устидан назорат бўйича Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (Ukraine Security Assistance Initiative, USAI) доирасида 800 миллион доллар (746 миллион евро) маблағ ажратади.

Reuters маълумотларига кўра, бу АҚШ президенти Жо Байден жорий йил бошида сўраганидан 500 миллион доллар (478 миллион евро)га кўпдир.

USAI пакети «АҚШнинг Украинани энг долзарб эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, узоқ муддатда унинг суверенитетини ҳимоя қилиш учун Украина Қуролли кучларининг салоҳиятини ошириш орқали уни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлайди», деб маълум қилди Пентагон.

АҚШнинг умумий мудофаа бюджети 858 миллиард долларни (819 миллиард евро) ташкил қилади. Шу билан бирга, Вашингтон Осиё-Тинч океани минтақасида мудофаавий тийиб туриш, иттифоқчилар ва шерикларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу минтақада салоҳият ва жанговар тайёргарликни ривожлантириш учун 11,5 миллиард доллар (10,9 миллиард евро) ажратиш ниятида.

Ҳужжат, шунингдек, беш йил давомида Тайван билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни 10 миллиард долларгача (9,56 миллиард евро) оширишни назарда тутувчи 2022 йилги Тайваннинг барқарорлигини ошириш тўғрисидаги қонун кучга киришига рухсат беради.

Миллий мудофаа маблағлари тўғрисидаги қонуннинг муросали версияси АҚШ Сенати ва Вакиллар палатасида республикачилар ва демократлар ўртасида бир неча ой давом этган музокаралар натижасига айланди.

Умуман олганда, қонун лойиҳасида мудофаа харажатлари учун Байден сўраганидан 45 миллиард доллар (43 миллиард евро) кўпроқ талаб қилинади, чунки Конгрессдаги музокарачилар глобал инфляция ва Киевга кўпроқ ёрдамни ҳисобга олган.

NDAA 1961 йилдан бери ҳар йили қабул қилинади. Унда АҚШ ҳарбий хизматчиларининг иш ҳақини ошириш, кемалар ва самолётлар сотиб олиш, шунингдек, масалан, Хитой ва Россия билан боғлиқ геосиёсий жиҳатлар кўрсатилган. АҚШ қонун чиқарувчилари NDAA'дан бир қатор ташаббуслар учун восита сифатида фойдаланади.

2023-молия йили учун NDAA шу ой Сенат ва Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланиши ва кейин Байденга имзолаш учун Оқ уйга юборилиши кутилмоқда.

Август ойи охирида Пентагон Украинага уруш бошланганидан бери деярли 3 миллиард доллар (2,87 миллиард евро) миқдоридаги энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Маблағлар USAI доирасида жўнатилди, бу Байден маъмуриятига қуролларни мавжуд қурол захираларидан олиш ўрнига ҳарбий саноатдан сотиб олиш имконини беради.

10 ноябрь ҳолатига кўра, АҚШнинг Украинага умумий ҳарбий ёрдами Байден маъмурияти иш бошлаганидан бери мисли кўрилмаган даражага етди - тахминан 19,3 миллиард доллар (18,4 миллиард евро).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид