Ўзбекистон | 12:43 / 07.12.2022
10331
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: электр тармоқларида электр таъминотининг узилиши натижасида табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қурилмалари авариявий ҳолатда тўхтади

Жорий йилнинг 7 декабрь куни соат 07:15 да “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш объектларини таъминлаб турган “ШГКМ 220/110/6 кВ” подстанциясидан чиқувчи “Кимё-1” 110 кВ ҳаво электр узатиш тармоғида электр энергиясининг қисқа муддатли ўчиши содир бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бунинг натижасида, жамият тасарруфидаги “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли 1-сонли “Шўртан” (Бетман) сиқув компрессор станциясидаги 100 ва 200-сонли газ ҳайдаш агрегатлари, 2-сонли “Шўртан” (КМПО) сиқув компрессор станциясидаги 200 ва 500-сонли газ ҳайдаш агрегатлари, “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станциясидаги 100, 200, 300 ва 400-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ва “Шўртан” бош иншоотида жойлашган товар газни магистарал газ қувурларига ҳайдаш учун мўлжалланган сиқув компрессор станциясидаги 300-сонли газ ҳайдаш агрегати (жами 9 та газ ҳайдаш агрегатлари), ҳамда 1-сонли “Пропан бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси” меъёрий иш режимидан авариявий ҳолатда тўхтади.

Ушбу ҳолат, “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” томонидан қазиб ва ишлаб чиқарилаётган углеводородлар ҳажмига салбий таъсир кўрсатиб, соатига 400-500 минг куб метр табиий газ 40 тонна газ конденсати, 25 тонна суюлтирилган газ маҳсулотлари қазиб ва ишлаб чиқарилмаслигига олиб келди.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида газ ҳайдаш агрегатлари тўхтаб туриш вақтида, “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” томонидан “Шўртан газ кимё мажмуаси” ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводларига етказиб берилаётган хомашё гази бир маромда етказиб бериш орқали, ушбу заводларни авариявий ҳолатда тўхтаб қолиши олди олинди.

Электр таъминоти қайта тиклангандан сўнг, бошқарманинг малакали мутахассислари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида, тўхтаб турган газ ҳайдаш агрегатлари ва технологик қурилмаларни бирин-кетин регламент асосида ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда технологик қурилмаларнинг тўлиқ иш режимида ишлашини таъминлаш бўйича барча зарурий ишлар олиб борилмоқда ва “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурларига табиий газ етказиб бериш ҳажми босқичма-босқич тикланмоқда.

Авариявий ҳолатни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда ва бугуннинг ўзида қурилмаларнинг меърий иш режими тикланишига эришиш чоралари кўрилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз”АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид