Ўзбекистон Республикаси президентининг Конституция қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам табриги президент расмий сайтида эълон қилинди. 

Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги улуғ тарихий сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик.

Ана шундай мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб, кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан шу боис ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди, албатта. 

Муҳтарам дўстлар!

Дунё миқёсида «Янги Ўзбекистон» деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.

Барчангиз хабардорсиз, шу кунларда мамлакатимизда Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда.