16:12 / 12.12.2022
21673

Самарқандда одамларни Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди

Бу шахслар маҳаллий аҳоли вакилларини 25 минг ва 30 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида АҚШга ноқонуний йўллар билан етказиб қўйишни таклиф қилаётган фирибгарлар қўлга олинди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1994 й.т. шахс алдов йўли билан Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1998 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, уни «Ўзбекистон-Испания-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд туманида яшовчи, 1987 й.т. шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 1971 й.т. фуқарони «Ўзбекистон-Туркия-БАА-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Америкага юбориш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Top