Ўзбекистон | 16:16 / 13.12.2022
6703
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда газ идораси мутасаддилари сотилган газ пулини ўзлаштириб юборди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

“Самарқандтумангаз” ва “Ургуттумангаз” бўлимларининг суюлтирилган газ тарқатиш бўлими масъул шахслари 300 миллион сўмдан ошиқ маблағларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Самарқандтумангаз” бўлими СУГ хизмати моддий жавобгар шахслари 221 млн сўмлик суюлтирилган газни сотишидан тушган маблағларни кирим қилмасдан, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ургуттумангаз”нинг суюлтирилган газ хизмати бошлиғи У.Б. ва бошқалар 115,9 млн сўмлик суюлтирилган газни сотишдан тушган маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Самарқандда аҳолига имтиёзли нархда бериладиган газни талон-торож қилган жиноий гуруҳ ушланганди. Ўшанда, мазкур жиноий уюшмага бир қатор мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳам раҳнамолик қилиб келишгани айтилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид