Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб нақд пул тушумига эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтказиш белгиланган.
Фармон 4-банди иккинчи хатбошида олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига фармон билан тасдиқланган график татбиқ этилмаслиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлиси баёнига 1-илова 3-бандида ҳукумат қарори макон бўйича амал қилиш доирасини чеклаш белгиланган.
Фармон талабларидан келиб чиқиб ҳамда аҳоли билан пулли ҳисоб-китобни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият хусусиятларини инобатга олган ҳолда, рўйхатда:
- деҳқон бозорларида ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотадиган жисмоний шахслар;
- товарларни дам олиш кунлари ярмаркаларда, автомобилларни сотиш бозорларида ва бошқа илгари ишлатилган товарларни, тирик молларни, паррандаларни, жониворларни ва бошқаларни сотиш билан савдо қилувчи жисмоний шахслар;
- савдо автоматлари орқали товарларни сотиш ва (ёки) хизматларни кўрсатиш фаолиятлари қолдирилмоқда.
Солиқ кодекси 133-моддасига мувофиқ органлар, муассасалар ва ташкилотлар маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этиши белгиланган.
Лойиҳада қуйидагилар белгиланмоқда:
- юридик ва жисмоний шахслар ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифалари рўйхатини янгилаш;
- электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимини такомиллаштириш, электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими операторлари солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида операторларга қўшимча талаблар белгилаш;
- онлайн назорат-касса машиналарига узлуксиз хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш.
















