Ҳаво ҳарорати декабр ойида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида –10...–20 даражагача тушиб кетди. Бундай совуқда газ йўқ жойларда уйни иситиш учун кўмир ва таппи ёқиладиган ёки электр печлар ишлатишади. Газ ва электр билан таъминланган кўпқаватли тураржойларнинг эса ҳаммаси ҳам яхши исимайди. Уларнинг марказлашган иситиш тизимига уланганлари, яъни сўнгги 10 йилдан аввал қурилган уйлардаги қувурлар иссиқлиги юқори эмас. Қолаверса, эски уйлардан совуқ кўпроқ кириши, эскиргани ҳисобига ҳам уйларни иссиқ тутиш қийинроқ. Иситиш тизими пасайганини яқинда Коммунал вазирлиги ҳам тан олганди.

Газ босимининг пасайиб кетиши ва электрдаги узилишлар туфайли Тошкент, Хоразм ва Фарғонадаги қозонхоналарда газ босими пасайгани, 3та қозонхона вақтинча ўчирилгани ва пойтахтнинг 3та туманига иссиқлик етказиб берувчи қозонхоналарда ҳам вазият ёмонлигини айтганди вазирлик. 

Совуқ уйлар

Тошкент шаҳрининг эски кўпқаватли тураржойларида ёки айрим ҳовлиларда яшаётган фуқаролар ҳам қишда уйлари яхши исимаслиги фақат шу йилга оид ҳолат эмаслиги, айниқса эски уйлар анча йиллардан бери яхши исимаслигини айтишади.

Чилонзор тумани 6-квартал 67-кўпқаватли уйда яшайдиган биз суҳбатлашган фуқаро шундай деди:

– «Дом»имиз эски. Шаҳардаги эски «дом»ларнинг кўпида қишда уйлар яхши исимайди. Ҳамма ўзига шароит қилиб олади, албатта. Кимдир уйига бойлер ўрнатади. Кимдир печлар олиб уйини иситади.

Мирзо Улуғбек тумани Қорасув мавзеси Авайхон маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирининг истиқоматчиси ҳам шароитдан нолиди:

Бу мавзедаги ҳамма уйлар 70-йилларда қурилган. Батареялар исийди, лекин уй ичига унча иссиқлик бермайди. Чунки босим паст. Қолаверса, мен яшайдиган уйнинг ремонти ва ромлари ҳам эски, ҳаво совиган кунлари совуқ шамол ҳам кирди.

Шайхонтоҳур тумани Кўкча мавзесида яшовчи фуқаро шундай деди:

Ҳовлида яшаймиз. Шу йил ҳаво бирдан совигани, қувурлар ҳам яхши исимагани сабаб уйимга ҳар хил иситиш жиҳозларини ўрнатиб ташладим. 2-3 хил электр печь, ошхонага полни ток билан қизитадиган панкел олиб келиб ёпиштирдим. Ошхонада иссиқ бўлгани учун 2 ҳафтадан бери ҳаммамиз шу ерда ухлашга мажбур бўляпмиз.