Трампга Капитолийга бостириб кириш иши бўйича айблов қўйилиши мумкин
Капитолийга бостириб кириш бўйича суриштирув ўтказган Вакиллар палатаси қўмитаси АҚШ Адлия вазирлигига Трампни тўртта банд бўйича айблашни тавсия қилди.
2021 йил 6 январда юз берган Капитолийга бостириб кириш бўйича суриштирув ўтказган Вакиллар палатаси қўмитаси АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга тўрт модда бўйича айблов қўйиш тавсияси билан мамлакат Адлия вазирлигига мурожаат қилди, деб хабар берди 19 декабрь, душанба куни Reuters.
Қўмита аъзоларига кўра, Трамп расмий процедурага тўсқинлик қилиш, федерал ҳукуматни алдаш мақсадида тил бириктириш, ёлғон баёнотлар бериш ва қуролли қўзғолонга ундашда айбланиши керак.
«Қўмита собиқ президент Трампга Капитолийга зўравонлик билан ҳужум уюштирганларга кўрсатган ёрдами учун жиноий айбловлар қўйишни тавсия этиш учун етарлича далиллар мавжуд деб ҳисоблайди», деди қўмита аъзоси, Мэриленд штатидан демократ Жейми Раскин баёнотида. Мамлакат тарихида биринчи марта махсус қўмита собиқ президентга нисбатан жиноий иш қўзғатишни тавсия қилмоқда, дея қайд этди Reuters.
18 ойлик суриштирув давомида қўмита мингдан ортиқ гувоҳни сўроқ қилди ва юз минглаб ҳужжатларни тўплади, дея таъкидлайди Reuters. Конгресс тавсияси Адлия вазирлигини ҳеч қандай чоралар кўришга расман мажбурламайди, дея маълум қилган агентлик. Айблов қўйиш тўғрисидаги қарор прокурорларда қолади.
2021 йил январида, ўша пайтга қадар ўтган сайловларда демократ Жо Байденга ютқазган Трампнинг президентлик муддати тугашига икки ҳафта қолганида, Оқ уй раҳбарининг радикал тарафдорлари унинг Вашингтондаги митингдаги нутқидан сўнг Капитолийга йўл олишди.
Ўша пайтда Сенат ва Вакиллар палатасининг қўшма мажлиси иштирокчилари сайлов натижаларини маъқуллаётган бўлган. Намойишчилар бинога бостириб киришган, Конгрессдаги мунозаралар бир неча соатга тўхтатилган, қонун чиқарувчилар эвакуация қилинган. Полиция ҳужум иштирокчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, Миллий гвардия Вашингтонга етиб келган. Тўқнашувда беш киши ҳалок бўлди, улардан бири полициячи. Ҳукумат бир неча соатдан кейин яна Конгресс биносини назоратга олди. Тўполонлардан сўнг 50 га яқин одам ҳибсга олинган, уларнинг баъзиларига айблов эълон қилинган. Ҳужумнинг бир неча иштирокчиси турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Мавзуга оид
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
21:09 / 05.11.2024
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
18:53 / 05.11.2024
АҚШ янги президентни сайламоқда: икки номзод ҳам ўз ғалабасига шубҳа қилмаяпти
14:57 / 05.11.2024