13 декабр куни президентнинг 18-автобус саройига қилган ташрифидан сўнг, охирги бир ҳафтада жамоат транспорти муаммоларига жиддий эътибор қаратила бошланди. Автобуслар сони кескин оширилди.
21 декабр куни АОКАда ўтган брифингда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов берган маълумотга кўра, ҳозирда 850-870 та қатнов йўналишидаги автобуслар сони 1050-1090 тага кўпайтирилиб, ҳаракатланиш интервали 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқартирилган. Қайд этилишича, бу сабабли йўловчилар сони ҳам ошган.
«12 декабр куни йўловчилар 501 минг 863 нафарни ташкил этган бўлса, 19 декабр куни бу кўрсаткич сезиларли ошиб, тегишлича 567 минг 535 нафарни ташкил этди», – деди Ашурматов.
Ушбу рақамлар фақатгина автобуслар ҳақида маълумот бермоқда. Хўш, Тошкент метрополитенида қандай ишлар қилиняпти? Ваҳоланки, тиқилинчлар шаҳар метросида ҳам тез-тез кузатилади. Kun.uz мавзу борасидаги бир қанча саволларга жавоб олиш учун «Тошкент метрополитени» ДУК ахборот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев билан суҳбатлашди.

2022 йилда метрода қанча носозлик кузатилди?
Дастлаб йил давомида метрода кузатилган носозликлар ҳақида маълумот берилди. Мирзаевнинг айтишича, ўтган йили «Тошкент метрополитени» ДУК «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибида бўлгани, ўрталиқдаги ташкилот ҳисоблангани, қолаверса, матбуот хизмати ҳам бўлмагани учун 2021 йил статистикаси тўлиқ юритилмаган.

2022 йилдан эса доимий ҳаммаси киритиб борилган. Унга кўра, шу йил бошидан то 14 декабригача пойтахт метрополитенида 19 та носозлик ҳолати қайд этилган. Бу носозликлар метро поездлари ҳаракатланиши давомида юзага келган бўлиб, уларнинг аксарияти метро поездлари билан боғлиқ техник ҳолатларга тўғри келади.















