“270 млн ўрнига 90 млн бериб алдаб қўйишди”
Автомобил йўллари қўмитасининг бино-фасадларини янгилаган ва 3та лифт ўрнатган “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Интизор Абдалниёзова 4 йилдирки қўмитадан ҳақини тўлиқ ололмай келади. Тадбиркор ўрнатган лифтларнинг биттасидан қўмитанинг 21 йиллик раиси Абдураҳмон Абдувалиев фойдаланади.
Қўмита тадбиркорга 270 млн сўмни тўлаш пайсалга солиб келаётганди. Kun.uz’да эълон қилинган мақола ортидан 23 ноябр куни “Doston Akfa Plus” МЧЖ ҳисобрақамига 90 миллион сўм ўтказилади. Бироқ шундан бери орадан қарийб бир ой ўтаётган бўлса-да, тадбиркор қарзнинг қолган қисми – 180 млн сўм тўлаб берилмаётгани, оғирини енгил қилишга ваъда берган мутасаддилар негадир йўқолиб қолишганини айтади.
“Бош прокуратурадагилар мени Светлана Ортиқова қабул қилишини айтганди, уч кун қатнадим, аммо бош прокурор ўринбосари қабул қилмади. Муаммо юзасидан шаҳар прокуратурасига чақиришди. Ўзим ҳам шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовнинг рақамларини излаб топиб қўнғироқ қилдим. Kun.uz'га бормай туринг, масалангизни ҳал қилиб бераман деб ваъда берди. Аммо шундан кейин орадан қарийб бир ой вақт ўтди.
Абдувалиев умра зиёратидан қайтганидан сўнг ҳам у билан учрашиш, қабулига кириш учун қўмитага бордим. Ёрдамчилари ишда йўқ деб қабулига киритишмади. Орадан бир ой ўтяпти, техникалар сотилдими-йўқми билмайман. Суд қарори ижроси билан шуғулланаётган давлат ижрочисига қўнғироқ қилганимда Kun.uz'да чиққаним учун энди сариқ чақа ҳам олмаслигимни айтди”, дейди Интизор Абдалниёзова.
Қўмита бажарилган иш учун пул тўлаб берилмаганига “Doston Akfa Plus” хусусий корхонаси масъуллари томонидан ишчи комиссияга тегишли якуний (ўрнатилган махсус ускуналарни давлат назоратидан ўтганлигини тасдиқловчи) ҳужжатларни “Янгийўлқурилиш” унитар корхонасига ўз вақтида тақдим этилмаганини важ қилиб кўрсатган.
Экоқўмда ҳам деярли шу аҳвол
Янги бинога кўчиб ўтган Экоқўмита ҳам 2та лифт ўрнатган ва бино фасадини пластик панеллар билан қоплаб берган “Doston Akfa Plus” МЧЖга ҳалигача бажарилган ишларнинг ҳақи тўлиқ бермай келади.


















