Kun.uz Мирзо Улуғбек туманининг Алпомиш маҳалласидаги 1,8 гектарли боғнинг 40 сотих майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан “ABIS-AG” МЧЖга офис бинолари қуриш учун берилгани ҳамда бундан одамлар норози бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилганди. Ушбу мақолага кўп ўтмай Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди ва яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолинишини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил давомида фойдаланилмаса, унга эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган. Яъни видеолавҳада тилга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги қарорининг “ерни тадбиркорга ажратиш” қисми бир йил муқаддам ўз кучини йўқотган”, — деб ёзди ҳокимлик ўз муносабатида.
Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатида 2019 йилдаги қарор билан тадбиркорга берилган ер майдонига бўлган эгалик ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилингани ҳақидаги ҳужжатни тақдим этмади. Чунки эндиликда ҳоким ушбу қарорни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас. Бунга президентнинг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони йўл қўймайди.
Президентнинг мазкур фармонига кўра, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш 2021 йилнинг 1 августидан бекор қилинган. Яъни Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йилдаги қарори билан тадбиркорга тақдим этган ер участкасига бўлган эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқини эндиликда ўзи бекор қила олмайди.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, Тошкент шаҳар прокуратураси Тошкент туманлараро маъмурий судига ариза киритиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.















