Ўзбекистон | 10:42 / 27.12.2022
59971
4 дақиқада ўқилади

“Жиноят аломатлари мавжуд” – ССВ Док-1 Макс сиропи ўрганиш натижаларини маълум қилди

Барча масъуллар ишдан олинган, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Фото: Kun.uz

Самарқанд шаҳрида Док-1 Макс дори воситасини қабул қилиш натижасида болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижаларини маълум қилди.

Вазирликка кўра, текширув жараёнида мамлакатда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланган.

Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинган.

Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.

Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради”, — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланган. Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.

Мавзуга оид