Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева махсус брифинг чоғида бу борада маълумот ва саволларга жавоб берди:

“Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолат бўйича 7 нафар тиббиёт мутасаддилари ўз лавозимидан олингани рост. ССВ томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилди ва Самарқандда чуқур таҳлилий ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида бу ходимлар томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди ва шу сабаб ходимлар ишдан бўшатилди. Ишчи гуруҳ хулосаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Таъкидлаш жоиз, ҳудудий соғлиқни бошқармасига бу ҳолат (болалар ўлими) тўғрисидаги маълумот жуда кеч киритилган. Шу сабаб қонунчиликда кўрсатилган тегишли чоралар кўрилди. Ҳозир ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда қўшимча маълумот бериб борамиз”, – деди Севара Убайдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” компанияси Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқаришни тўхтатган. Ҳиндистон ҳукумати бу борада суриштирув бошлаган ва тез орада ҳисобот берилади.