Ғалла ислоҳоти

Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилди. Сотиб олинган буғдой ойма-ой биржага чиқариладиган бўлди ва агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилиши белгиланди. Бу ислоҳот иқтисодчиларнинг олқишига, ғалла етиштирувчи фермерларнинг қувончига сабаб бўлди.

Ислоҳотнинг дастлабки кунларида бозор нархларига ўтилиши нон баҳосига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар янграган бўлса-да, йил давомида буғдой ва ун маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги сақланиб қолди, нархлар кескин равишда қимматлашиб кетмади. Амалда ишламаётган субсидияланадиган ун (арзонлаштирилган ун) тарқатиш тизими тугатилди. 

Фото: Getty Images 

Таъкидлаш керакки, ҳуқуқий жиҳатдан шу пайтгача ҳам фермерлар ўзи етиштирган маҳсулотни эркин, бозор нархларида сотиш ҳуқуқига эга эди, бироқ амалда давлат эҳтиёжлари учун етиштирилган маҳсулотга нарх бозор тамойилларига риоя этмасдан, марказлашган ҳолда маъмурий усул билан белгиланиб келди. Бу эса фермерларнинг жиддий зиён кўришларига сабаб бўлиб келаётган эди.

Кечиктирилган энергетика ислоҳоти

Энергетика соҳасидаги муаммолар йилдан йўлга бўй чўзиб бормоқда. Жорий йилдан бошлаб ҳукумат электр энергиясини давлат томонидан субсидиялашни бекор қилиш ва табақалаштирилган нархлар белгилашга бу муаммоларнинг ечими сифатида қарай бошлади. Шу мақсадда «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида» ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши кўзда тутилганди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу қарор қабул қилинмади, ислоҳотлар эса номаълум муддатга кечиктирилди. 

Энергетикага бюджетдан субсидиялар «халққа ёрдам бўлиши» учун жорий қилингани иддао қилинса-да, мутахассисларнинг фикрича, бундай тизим соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаверади. 

Жорий йилга келиб, нафақат вилоятлар, балки Тошкент шаҳри туманларида ҳам электрни «шахмат тартибида ўчириш» режимига ўтилди. Яъни энерготизимда юклама ортиб кетган пайтда «свет» атайлаб ўчирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам йил якуни бўйича парламентга қилган анъанавий мурожаатномасида энергетика инқирози масаласига тўхталиб, биринчи марта тарифларни табақалаштириш ҳақида гапирди. Яъни муайян лимитдан кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ҳисобига арзон сотилади.