3 январ куни Kun.uzʼда Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли иссиқлик таъминотисиз кун ўтказаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.
Шаҳар ҳокимиятининг маълум қилишича, “Ангрен ИЭС”нинг 10-энергоблокида жиддий авария ҳолати юзага келгани сабабли тармоққа уланган уйларга иссиқлик етиб бормаган. “Иссиқлик тизими тикланиб, иссиқлик энергияси босқичма-босқич белгиланган меъёрда тўлиқ узатилмоқда”, – дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, Ангрен “Иссиқлик энегрияси” ДУК маъмуриятининг 2 январ ҳолатига берган маълумотига кўра, марказлашган иссиқлик манбаидан (МИМ) иссиқлик энергиясини узатиш кўрсаткичлари белгиланган меъёрда амалга оширилмоқда.
“Корхонада мавжуд 21 та насос станцияси ва МИМлар ҳолати яроқли. 2/2-сонли насос станциясида электр юритгич “подшипник”нинг синиши аниқланган ва зудлик билан таъмирланиб, муаммо бартараф этилган”, – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, шаҳар ҳокимиятининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг январ ойидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, "Ангрен ИЭС" ишончли бошқарувдан қайтариб олинган.
Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжоновнинг Kun.uz’гa маълум қилишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ўз вақтида маблағ ажратилмаганлиги ишончли бошқарувнинг бекор қилинишига сабаб бўлган.
“Қозоғистонликларга тегишли компания бу ИЭСларга умуман қарамай қўйди. Икки марта носозлик кузатилди. Куз-қишга тайёргарлик кўриш учун 30 млрд сўм маблағни ҳам кеч ажратишган. Шаҳар ҳокими билан бирга ёздан бери бу бўйича эътироз билдирамиз, яқинда ҳам жойига бориб, шикоят қилганимиздан кейин тузатишга ўтишди.
Бу бўйича бош вазиргача чиқилди, 2 январ куни иккала ИЭС ҳам ташқи бошқарувдан олиниб, Энергетика вазирлигига берилди. Янги раҳбар ҳам тайинланди. Ўзимизга тўлиқ ўтганидан кейин пул ажратиладиган бўлди, ҳозир носозликларни тузатиш учун ишчи гуруҳ жалб этилган”, – дейди Улуғбек Хабилжонов.
Қолаверса, унинг таъкидлашича, ҳозирда “Ангрен ИЭС” АЖда 3та қозон бор, шундан биттасигина ишлаяпти. Қолган 2 таси ишламаяпти.
















