Ўзбекистон | 12:00 / 05.01.2023
6915
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўзаро товар айирбошлашни 1 млрд долларга етказмоқчи 

Ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида Боку шаҳрида бўлган Ўзбекистон бош вазири Жамшид Хўжаев Озарбойжон бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев билан учрашув ўтказди.

Фото: Dunyo

Икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этган учрашувда инвестициявий, савдо ва саноат кооперацияси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кун тартиби кўриб чиқилди.

Учрашувда савдо алоқаларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Келгуси 5 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга ўзаро тайёрлик билдирилиб, бу борада бир қатор аниқ амалий чора-тадбирлар келишиб олинди.

Икки томонлама муносабатлар истиқболли йўналишлари қаторида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ишбилармонлар кенгаши навбатдаги йиғилишини ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари «роад-шоу»си билан бирга Ўзбекистон ва Озарбойжон ҳудудлари 1-форумини 2023 йил бошида Тошкент шаҳрида ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Суҳбат чоғида саноат кооперациясини чуқурлаштириш, яъни қўшма ипакчилик ва тўқимачилик кластерларини ташкил этиш, машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва заргарлик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан аниқ амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Мавзуга оид