Ўзи нима гап?

10-15 январ куни аномал совуқ кутилаётгани муносабати билан таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фарзанди мактабгача таълим ташкилотига борадиган бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларнинг иш вақти иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда қисқартирилишини маълум қилди.  

Бу узайтирилган таътил эвазига вақтинча тартиб экани айтилмоқда.  

Шундан сўнг Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ишлайдиган, оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш таклифини билдирди.  

У бу билан аёл ходимнинг иш самарадорлиги сезиларли ошиши, оилада муҳит ўзгаришини айтган. “Қолаверса, натижа кўп ишлаш эмас, самарали ишлашнинг ҳосили эканини ҳамма тан олмаса ҳам, жуда яхши билади”, – деб ёзди Қодиров.

“Аёлларга дискриминацияни янада кучайтиради” – Дилбар Ҳайдарова, блогер 

Алишер Қодиров бераётган таклифи бир қарашда жозибали ва кераклидай туйилиши мумкин, аммо бу жуда хавфли таклиф. Бу худди болага конфет бериб, унинг қўлидаги бошқа ўйинчоқларини олиб қўйишдай гап.

Нега хавфли? Чунки бу аёллар дискриминациясини янада авжлантиради. Ҳар куни бир соат кеч келиб, бир соат олдин ишдан кетадиган аёлнинг карьерасини ижобий бўёқларда тасаввур қилиш мушкул. Раҳбар лавозимларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Қолаверса, кўплаб имтиёзлар аввал давлат ташкилотларига жорий қилиниб, сўнг хусусий секторларга ёйилиши сир эмас. Бу эса шундоқ ҳам аёллар улуши кам бўлган хусусий корхона ташкилотларда жинсий айирмачиликни кучайтириб юборади. 

Аслида, биз, аёлларга имтиёзлар керак эмас. Шунчаки аёл бўлганимиз учун сунъий тўсиқ қўйилмаса, ишда жинсига қараб эмас, лаёқатига кўра муносабат кўрсатилса ва албатта маълум бир иш учун эркакка ҳам, аёлга ҳам тенг ҳақ тўланса, мана шунда иш самарадорлиги ҳам, оиладаги муҳит ҳам ижобий томонга ўзгариб боради.