ССВ аномал совуқ кимларга кўпроқ хавф солиши ҳақида маълумот берди
Вазирлик Ўзбекистонда аномал совуқ кунлари соғлиқни асраш учун бир неча тавсиялар берди.
10-15 январь кунлари аномал совуқ бўлиши эълон қилингач, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова совуқнинг инсон саломатлигига қандай таъсир этиши, унинг зарарли оқибатларидан сақланиш бўйича тавсияларини берди.
– Қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади.
Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.
Қолаверса, аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори.
Шу боис совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.
Аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул. Боиси бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.
Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади.
Совуқ кунлари эрталаб, албатта, нонушта қилиш керак. Оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади. Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25-30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда, иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали.
Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади.
Мавзуга оид
18:09 / 24.10.2024
ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди
15:26 / 30.08.2024
ССВ мустақиллик байрами ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлаши бўйича маълумот берди
11:57 / 23.08.2024
ССВ: Ангорда касалликларнинг олдини олиш бўйича янги тизим синовдан ўтказилмоқда
14:57 / 27.06.2024