Жаҳон | 16:28 / 10.01.2023
4661
2 дақиқада ўқилади

Россия Макийивкада ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилмайди

Самара ҳарбий комиссарининг тушунтиришича, расмийлар Макийивкада сафарбар қилинганлар жойлашган бинога уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилмайди, чунки бу «хорижий разведка учун иш бўлади».

Фото: РИА Новости

Самара вилоятидан Макийивкадаги зарбада яраланган ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар рўйхати эълон қилинмайди, деди вилоят ҳарбий комиссари Алексей Вдовин 10 январь, сешанба куни. «Ҳеч қандай рўйхат эълон қилинмайди», деди у. Вдовиннинг сўзларига кўра, мавжуд бўлган барча маълумотлар ҳарбий хизматчиларнинг қариндошларига ўзлари ёки сўровига кўра, ҳарбий хизматчиларни рўйхатга олиш бошқармаси томонидан тақдим этилади.

«Рўйхатларни эълон қилиб бўлмайди. Биринчидан, бу шахсий маълумотлар. Иккинчидан, бу хорижий разведка идоралари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг қариндошларига қарши провокацион чораларни аниқлаш ва ўтказиш бўйича иш, бу қатъиян ман этилади», - дея тушунтирди ҳарбий комиссар бу қарорни.

1 январга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари сафарбар қилинганлар жойлаштирилган Макийивкадаги касб-ҳунар мактаби биносига ҳужум қилди. Россия Мудофаа вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, зарба натижасида 89 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Украина томони 400 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Зарба натижасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар орасида Самара вилояти ҳарбий хизматчилари ҳам бор. Буни вилоят губернатори Дмитрий Азаров тасдиқлади. «Ватандошларимиз ҳам душман кучлари ҳужумига учраган. Ярадорлар мавжуд, афсуски, ҳалок бўлганлар ҳам бор», - деди у. 3 январь куни вилоят ҳокимияти Самара шаҳридаги Шон-шуҳрат майдонида вилоятдан кетган ҳарбийлар хотирасига бағишланган мотам тадбирини ўтказди. Айни пайтда ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари уларнинг тақдирини аниқлай олмаяпти.

4 январь куни Change.org сайтида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Самара вилояти губернатори номига Макийивкада ҳалок бўлган сафарбар этилганларнинг исм-шарифлари рўйхатини эълон қилишни талаб қилган петиция пайдо бўлди. Уни 49 мингдан ортиқ киши имзолаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид