Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январ куни саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигида саноат жуда катта ўрин тутади. Бу соҳага зарур шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди, уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электр техникаси каби тармоқларни «драйвер»га айлантириш учун 3 миллиард долларлик молиявий ресурслар ажратилди. Саноатни хомашё билан таъминлаш учун геология-қидирув ишлари 3 баробар кўпайтирилиб, 600 тадан зиёд янги кон аниқланди.
Натижада охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди.
Бу ҳудудлар ривожига ижобий таъсир қилмоқда. Жумладан, Жиззахда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди. Биргина қурилиш материаллари бўйича 220 та лойиҳа ишга туширилиб, вилоят саноатида бу соҳанинг улуши 20 фоиздан ошди.
Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва бошқа ҳудудларда металлни қайта ишлаш бўйича 19 та йирик лойиҳа амалга оширилган. Наманганда ташкил этилган 54 та янги кичик саноат зонасида 2022 йилда 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Кимё саноатида охирги уч йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга, экспорт эса 2 бараварга ошган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда натижалар имконият даражасида эмас. Хусусан, 2022 йилда Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятларида саноат ўсиши кўнгилдагидек бўлмаган. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмда ип-калавани қайта ишлаш даражаси пастлигича қолган. Наманган, Самарқанд ва Навоийда озиқ-овқат, чарм-пойабзал, мебел ишлаб чиқариш салоҳияти етарлича ишга солинмаган.
Шу боис йиғилишда жорий йилда саноатни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кўпайтириш ва захираларни ишга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари саноат учун янги имкониятлар ва қўшимча молиявий ресурслар берилишини таъкидлади.

Биринчи имконият – банк нормативлари қайта кўриб чиқилиб, тижорат банкларида корхоналарга кредит ажратиш учун қўшимча 55 триллион сўм ресурслар таъминланади. Бу – битта туманда ўртача 20 миллион долларлик инвестицияга қўшимча манба, дегани.




















