Жаҳон | 09:41 / 13.01.2023
5868
3 дақиқада ўқилади

Навалнийга колонияда дори беришни бошлашди

Алексей Навалний колониядаги жазо камерасида касал бўлиб қолди, аммо унга дори берилмаган ва кун давомида ётишга рухсат этилмаган. Шифокорларнинг Путинга ёзган очиқ хатидан сўнг унга антибиотиклар ва қайноқ сув бера бошладилар.

Фото: politics.com

Колониядаги мухолифатчи Алексей Навалнийнинг соғлиғи ёмонлашишни тўхтатди, унга антибиотиклар ва кунига қўшимча икки кружка қайноқ сув бера бошладилар. Бу ҳақда 12 январь, пайшанба куни унинг адвокати Вадим Кобзев ўзининг Twitterʼида ёзди.

Навалний, Кобзевнинг сўзларига кўра, 3 январь куни касал бўлиб қолган ва 9 январь куни унинг аҳволи ёмонлашган - "унда ўткир респиратор вирусли инфекциянинг барча классик белгилари кузатилди: титроқ, иситма, кучли йўтал, паст ҳарорат - 37,1 даражадан юқори бўлмади".

Сиёсатчи колониянинг жазо камерасида бўлганлиги сабабли, у касалликни том маънода оёқда ўтказиши керак эди, чунки кун давомида ётоқда ётиш мумкин эмас. Бундан ташқари, Навалнийни тиббий бўлимга юборишдан бош тортилган, чунки у «грипп беморлар билан тўлиб-тошган», аммо шу билан бирга унинг камерадоши бир неча марта тиббий бўлимга бир кунга юборилган ва қайтиб келган. Кобзев ва Навалнийга яқинлар сиёсатчига вирус атайлаб юқтирилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашяпти.

"Одаммисизлар? Ахир ота-онангиз, фарзандларингиз ишдан уйда кутиб ўтиришибди. Миянгизда нималар бўляпти, атайлаб одамга юқтиргандан хурсанд бўлиб, уни даволамасдан, дори-дармонлар бермасдан қандай яшаяпсиз?" – дея Навалнийнинг рафиқаси Юлия колония ходимларига мурожаат қилди.

10 январь куни россиялик шифокорларнинг президент Владимир Путинга очиқ мурожаати пайдо бўлди, унга бир неча кун ичида 600 дан ортиқ киши имзо чекди. Улар Навалнийни «қўрқитишни бас қилишни», фуқаролик шифокорларига уни кўришга рухсат беришни ва керак бўлса, тўлиқ даволаниш учун фуқаролик шифохонасига юборишни талаб қилди.

Кобзевнинг сўзларига кўра, шифокорларнинг мурожаати қандайдир таъсир кўрсатди: «ҳамма югура бошлади ва ҳаракат кучайди, улар видеорегистратор остида ҳароратни ўлчашяпти, аммо бошқа ҳеч нарса қилинмаяпти».

Алексей Навалний Владимир вилоятининг Мелехово шаҳридаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида (ИК-6) жазо муддатини ўтамоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид