9 январ куни кўплаб ҳудудларда қалин қор ёғди. Натижада 10 январ куни тошкентликлар тозаланмаган кўчалар, ёғингарчилик натижасида қулаб тушган дарахтлар, йўллардаги узун тирбандликлар билан тўқнашишди.
Гарчи қор ёғиши деярли 1 сутка ўтиб тўхтаган бўлса-да, совуқ ҳарорат бешинчи кундирки, чекингани йўқ. 13 январ тонгида Тошкентда 19,8 даража совуқ ҳарорат қайд этилди.

“Мазкур кўрсаткич пойтахтдаги охирги ярим асрлик учун энг минимум ҳароратдир”, – деди Гидрометеорология хизмати матбуот котиби Муниса Асқархўжаева.
Шундай бўлса-да, масъулларнинг палапартиш қарорлари ортидан мактабларда дарслар чала, давомат жуда паст ҳолатда давом этяпти. Ота-оналар совуқ сабаб фарзандини мактабга юбормаётгани сабаб қатор мактабларда 3-чорак бошланиши 16-18 январга сурилгани айтилмоқда.

Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам совуқ тушиши билан газ босими кескин пасайиши одатий ҳол. Бу йил ҳам шундай бўлди. Мамлакат аҳолиси газ босимининг пастлиги ва электрдаги доимий узилишлардан азият чекмоқда. Юзага келган энергия инқирозини юмшатиш учун аксарият саноат корхоналари ва газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чеклов қўйилган.
“Уйимизда газ босими жуда паст. Шунинг учун фақат суюқ овқатлар ичяпмиз, қуюқ овқатлар емай қўйдик”, – дейди пойтахтлик аёллардан бири.

Мирзо Улуғбек тумани яшовчиларидан бўлган бошқа бир аёл эса кўп қаватли уйда туриши ва ҳозирги совуқдан айниқса уйидаги чақалоқлар қийналаётгани ҳақида гапиради.




















