Ўзбекистон доимий аҳолиси таркибида аёллар улуши 1991 йилдан 2022 йилгача бўлган 31 йиллик муддатда 0,9 фоизга қисқарди. Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, аёллар 1991 йилда доимий аҳолининг 50,6 фоизини ташкил қилган бўлса, (эркакларга қараганда 0,2 фоиз кўпроқ) 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 49,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўн йилликлар кесимида доимий аҳоли таркибида аёллар улуши:

  • 1991 йил – 50,6 фоиз;
  • 2000 йил – 50,2 фоиз;
  • 2010 йил – 49,9 фоиз;
  • 2020 йил – 49,7 фоиз;
  • 2022 йил – 49,7 фоиз.

2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, доимий аҳоли таркибидаги эркаклар сони аёллар сонидан 232 минг нафарга кўп.

Доимий аҳоли таркибидан аёллар улушининг камайиб бориши ва эркаклар улуши ошиши айнан қандай омиллар ҳисобига содир бўлгани қизиқ тенденция.

Блогер Шаҳноза Соатова бу ҳақида «Сабаблар борасида фикрларингиз қизиқ. Менинг фикрим: ўғил фарзандга таассуб натижаси. Ультратовуш текширувлари оммалашуви туфайли қиз ҳомилани кўпроқ аборт қилдиришган», деб ёзди.

Биргаликда сабабларни таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Дунёда эркаклар кўпми ёки аёллар?

Дунё аҳолисининг ҳам кўпроғини эркаклар ташкил қилади. 2021 йил ҳолатига кўра, эркаклар сони аёлларга нисбатан 44 млнга кўпроқ. Ўтган йили дунёда 106 нафар ўғил болага 100 нафар қиз бола туғилиши тўғри келган.

Ҳар 101 нафар эркакка 100 нафар аёл тўғри келади.

Туғилиш кўпроқ бўлса, эркаклар кўпроқ бўлади