Ўзбекистон | 08:31 / 15.01.2023
11072
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Халқаро аэропортларга кутиб олувчиларнинг киришига рухсат берилди

Kun.uz Тошкент Халқаро аэропортида кутиб олувчилар ичкарига киритилмаслиги, совуқ об-ҳавода улар қандай шароитда турганликлари ҳақида танқидий репортаж эълон қилганди. Бунинг ортидан кутиб олувчилар учиб келиш залларига кириши ҳамда терминал ичида (божхона ҳудудигача бўлган жойда) учиб келаётган йўловчиларни кутишлари мумкин бўлди. Фақат бу совуқ кунлар учунгина жорий қилинган тартиб бўлиши мумикн.

Аномал совуқ об-ҳаво муносабати билан республика аэропортлари биносига кутиб олувчиларнинг киритилишига рухсат берилди. Илгари кутиб олувчиларни бинога киритиш аэропортларда фаолият юритувчи бир қатор тузилмаларнинг ҳужжатлари билан чекланган эди. Бугундан бошлаб барча кутиб олувчилар учиб келиш залларига кириб, терминал ичида божхона ҳудудигача бўлган жойда учиб келаётган йўловчиларни кутишлари мумкин бўлади.

“Ниҳоят, бизнинг таклифлар эшитилгани ва давлат раҳбарияти томонидан иродали қарор қабул қилинганидан жуда хурсандмиз. Биламан, муаммо кўп йиллар давомида мавжуд эди. Одамлар иссиқда ва совуқда ташқарида туришган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ва бошқа бир қатор сабабларга кўра уларни ичкарига киритиш тақиқланган. 2018 йилда қурилган учиб келиш зали ҳам халқаро стандартларга жавоб бермайди, унда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Унинг устига зал жуда кичкина. Биз ҳозирда бинонинг олд қисмини суриш орқали зал майдонини кўпайтириш лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз, бу ерда кутиб олувчилар учун шароит яратиш мумкин бўлади. Жараён, зал атрофида кўплаб коммуникациялар ўрнатилганлиги сабабли мураккаблашмоқда. Ҳар сафар, биз мавжуд аэропортни қайта қуриш, кенгайтириш, қулайроқ қилиш учун ҳаракат қилишга қўл урганимизда, пойтахтимизга янги аэропорт қуриш керак эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Аммо, аэропортлар бир кунда бунёд этилмаслигини ҳисобга олиб, имкон қадар мавжуд аэропортни реконструкция қилмоқдамиз”, — деди “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

“Uzbekistan Airports”нинг баёнотидан англашилишича, мазкур тартиб доимий бўлмайди, бу шароит фақат совуқ об-ҳаво ҳукм суриб турган кунлар учун амал қилади.

Мавзуга оид