Украинада урушнинг 326-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ мудофаа вазирлиги Украина бўйлаб 14 январ куни йўлланган ракета зарбалари юзасидан (айнан ўшанда ракеталардан бири Днипродаги турар жой биносига тушиб, икки подъездни яксон қилган) изоҳ берди. Вазирликнинг маълум қилишича, зарбалардан мақсад «Украина ҳарбий бошқарув тизимлари ва у билан алоқадор энергетика объектлари» бўлган ва «зарбадан мақсадга эришилган»;
  • Днипрода тўққиз қаватли уйга ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 нафарга етди, яна 70 дан ортиқ киши яраланган, 30 дан ортиқ киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда;
  • Белгород областида ҳарбий хизматчилардан бири сафарбар қилинган аскарлар орасида обрў қозониш учун граната портлатиб юборган, натижада уч киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланган;
  • Ангарсклик собиқ милиционер, кўп сонли зўравонликлар ва қотилликлар учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Михаил Попков «Вести-Иркутск» давлат телекомпаниясига берган интервьюсида яна икки қотиллик учун айбига иқрор бўлди ва армияга ёзилиб, Украинадаги урушга йўл олиш ҳақида ўйлаётганини айтди;

Днипро

14 январ куни Днипрода Победа соҳилидаги тўққиз қаватли уйнинг икки подъездини вайрон қилган ракета зарбаси келиб тушган жойда ишлаётган қурувчилар. Украина ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, бу зарба оқибатида 40 киши ҳалок бўлган, яна 35 киши бедарак кетган, 70 дан ортиқ киши яраланган.
Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA
Днипродаги қутқарув амалиётининг юқоридан кўриниши. Бу Украинада ўтган йил июнидан буён фуқаролик объектига қилинган энг вайронкор ҳужум бўлди, ўшанда Кременчугдаги «Амстор» савдо марказига ракета келиб тушганида, Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизмати 59 киши жабрлангани ва камида 20 киши ҳалок бўлгани, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолгани ҳақида маълум қилганди.
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images
Қутқарувчилар Днипродаги кўп қаватли бино харобаларида ишламоқда
Mykola Miakshykov / Укринформ / SIPA / Scanpix / LETA