Қатар Европарламентдаги икки депутатнинг сафари харажатларини тўлаб берган
Бельгиядан Европарламент депутатлари Марк Тарабелла ва Мария Арена амирлик ҳисобидан Қатарга эълон қилинмаган сафарни амалга оширганликларини тан олишди.
2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати билан боғлиқ Европа Иттифоқидаги коррупция можароси фонида, Европарламентнинг Бельгиядан икки аъзоси ўтган ҳафта Қатарга сафар қилганликларини яшириб келишганини тан олишди. 15 январь, якшанба куни социалистлардан Европарламент депутати Марк Тарабелланинг адвокати Бельгиянинг RTL телеканалига берган интервьюсида айтишича, унинг мижози 2020 йил февраль ойида амирлик ҳисобидан Қатарга борган, бироқ парламентга сафар ҳақида хабар бермаган.
«Уни (Қатарга) конгрессга таклиф қилишди. Ташкилотчилар пул тўлашди, - деди Тарабелланинг адвокати. - У ҳали сафарини эълон қилмаган Кейин Ганага кетди, кейин эса - COVID-19. Унинг ҳамкасби унга буни қилиши кераклигини эслатди, аммо вақт тугаганди». Ҳимоячи таъкидлаганидек, «ташкилотнинг саёҳат учун пул тўлашида ноқонуний ҳеч нарса йўқ».
Бир неча кун олдин, ЕПнинг марказий сўл социал-демократик фракцияси аъзоси Мария Арена 2022 йил май ойида Қатар ҳукумати томонидан молиялаштирилган шунга ўхшаш сафарни амалга оширгани ҳақида хабар беришни «унутганини» айтди. Бельгия оммавий ахборот воситаларига берган баёнотида у «ҳужжатни тўлдириш жуда қийин бўлганини» таъкидлади. Шундан сўнг, Арена ЕП Инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмитаси раиси лавозимини тарк этиш қарорини эълон қилди.
2022 йил декабрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда Европарламент вице-президент Ева Кайли лавозимидан четлатилди. У қамоққа олинган ва Бельгия расмийлари томонидан жиноий ташкилотга алоқадорлик, пул ювиш ва коррупцияда айбланган тўртта гумонланувчидан бири. 22 декабрь куни Брюсселдаги биринчи инстанция суди дастлабки тергов палатаси Кайлининг ҳибсга олиш муддатини бир ойга узайтирди.
Январь ойи бошида ЕП раиси Роберта Метсола коррупция можаросини тергов қилаётган Бельгия суд тизимининг илтимосига биноан икки депутатни парламент дахлсизлигидан маҳрум қилиш бўйича «шошилинч тартиб» ташаббуси билан чиқди. Бу икки депутат ким экани аниқлаштирилмаган, аммо ОАВ хабар қилганидек, терговга айбланувчилар сифатида Марк Тарабелла ва италиялик Андреа Коццолино жалб қилинган.
Европарламентда Кайли Қатардаги меҳнат бозоридаги вазиятни кузатувчи вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ ҳимоячилари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган. 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири билан учрашди ва 22 ноябрь куни ЕПда сўзга чиқиб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо бериб, уни «араб дунёсини илҳомлантиради» деб атади.
Ноябрь ойида Тарабелла Қатарнинг инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш бўйича қилган «ижобий қадамлари»ни таъкидлади. Парламентарийнинг адвокатига кўра, бу «реал сиёсат» бўлиб, мамлакат ҳукуматини «рағбатлантириш» учун мўлжалланган.
Мавзуга оид
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
23:32 / 14.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 90+12-дақиқада гол ўтказиб, Қатарда мағлубиятга учради
11:16 / 14.11.2024
«Қатарга Осиё чемпиони сифатида қарамаслигимиз керак»
20:17 / 12.11.2024