Жаҳон | 09:20 / 17.01.2023
5321
4 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: Днипрога берилган зарба уруш жинояти бўлиши мумкин

Днипродаги турар жой биносига қилинган ҳужум Россиянинг Украинага қарши урушидаги энг ҳалокатли ҳужумлардан биридир, дея таъкидлади БМТ.

Антониу Гутерриш / Фото: AP

Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 14 январ куни Днипродаги турар жой биносига уюштирилган ракета ҳужумини қоралаб, камида 40 киши ҳалок бўлганини ва бу ҳарбий жиноят бўлиши мумкинлигини айтди. Бош котибнинг сўзларини 16 январь, душанба куни журналистларга Гутерриш матбуот котиби ўринбосари Стефани Трембле келтирди.

«Шанба куни кечқурун Днипрода турар жой биносига зарба берилди, бу ўтган йилнинг февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери содир бўлган энг қонли ҳужумлардан бири, - деди Трембле. - Бош котиб ҳужумни қоралаб, бу ҳужум уруш қонунларини бузиш ҳолатларига яна бир мисол эканини айтди».

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Украинадаги гуманитар масалалар бўйича координатори Дениз Браун «даъво қилинган ҳарбий жиноятларни самарали тергов қилишга ва гумонланувчиларни тегишли тартибда жавобгарликка тортишга чақирди», дея қўшимча қилди Трембле.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 15 январь куни Twitter'да «Россиянинг ғайриинсоний тажовузи бевосита тинч аҳолига, жумладан, болаларга қарши қаратилганини» таъкидлади. «Бу жиноятлар жазосиз қолмайди. Европа Иттифоқи Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этади», - дея қўшимча қилди у.

Брюсселда воқеа ҳарбий жиноят деб аталди. Россия Украинадаги одамларнинг омон қолиши учун зарур бўлган муҳим инфратузилмага ҳужум қилишга қарор қилганидан сўнг, можарони янада кучайтирди, деди DW'нинг саволига жавобан Еврокомиссия матбуот котиби Петер Стано. «Россия ўзининг ғайриинсоний қиёфасини кўрсатишда давом этмоқда ва шафқатсиз ракета террорини қўлламоқда. Бундай ҳаракатлар уруш жиноятларини ташкил этади ва зудлик билан тўхтатилиши керак. Европа Иттифоқининг бош дипломати Жозеп Боррел айтганидек, бу жазосиз қолмайди», — деди Европа Иттифоқи вакили.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати 16 январь куни маҳаллий вақт билан соат 21.00 даги ҳолатга кўра қуйидаги маълумотларни келтирди: 40 киши ҳалок бўлган (шу жумладан, уч бола), 77 киши жароҳатланган (шу жумладан, 14 нафар бола). Жами 39 киши қутқарилди (шундан 6 нафари болалар), бедарак йўқолганлар ҳақида 47 та хабар келиб тушди (шундан 18 нафари ўлик ҳолда топилди, тўрт нафари қариндошлариникида ва шифохоналарда тирик ҳолда топилди, яна 25 нафари қидирилмоқда). 174 нафар жабрланганларга психологлар ёрдам кўрсатди. Қидирув-қутқарув ишлари, хавфли конструкцияларни демонтаж қилиш давом этмоқда.

Украина хавфсизлик хизмати ("СБУ") Днипрога ракета ҳужумида иштирок этган россиялик ҳарбийларнинг шахсини аниқлаганини маълум қилди. Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, унда бир неча ўнлаб россияликлар, жумладан 52-оғир бомбардимончи авиация полки (33310-ҳарбий қисм) командири, полковник Олег Тимошин, ушбу полкнинг авиация отряди командири, майор Алексей Иваненко, авиация гуруҳи авиация эскадрильяси штаб бошлиғи Дмитрий Голенков, 52-полкнинг штурманлари Денис Григорьев ва Динар Назиров, шунингдек, авиация қуроллари муҳандиси Евгений Поцелуев қатнашган.

"СБУ" уруш қонунлари ва одатларини бузганлик бўйича жиноий иш қўзғатди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Украина Қуролли кучларида узоқ масофага учувчи Х-22 товушдан тез ҳаракатланадиган, ҳаводан учириладиган кемаларга қарши қанотли ракеталарини уриб туширишга қодир қуроллари йўқлигини билдирди. Уларга кўра, айнан ушбу қуролдан Курск вилоятидан Днипрога қарата зарба берилган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия қуролли кучлари турар жой биноларига зарба бермаяпти. «Ушбу фожиа аксилракета ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳаракатлари натижаси бўлди», деб маълум қилди у.

Мавзуга оид