МСК Ортиқхўжаев қандай ҳолларда сенаторликдан кетиши мумкинлигини маълум қилди
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олиниши ортидан у халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати ҳамда сенаторлик рутбаларини сақлаб қолиш ё қолмаслиги кун тартибига чиқди. Марказий сайлов комиссияси Kun.uz сўровига жавобан қандай ҳолатларда собиқ ҳокимнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши ҳақида маълумот берди.
Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Марказий сайлов комиссиясига кўра, унинг ҳокимлик лавозимини тарк этиши сенатор сифатидаги фаолиятига таъсир қилмайди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра қуйидаги ҳолларда сенаторнинг ваколати муддатидан олдин тугатилади:
- ёзма аризасига кўра;
- сенаторлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ лавозимга ўтганда;
- суднинг айблов ҳукми кучга кирганда;
- суд муомалага лаёқатсиз деб топганда;
- бедарак йўқолган деб топилганда ёки вафот этганда;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
- палата тарқатиб юборилганда.
Шунингдек, алоҳида ҳолларда депутатнинг, сенаторнинг ваколатлари тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Депутат, сенатор деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.
Ортиқхўжаев ҳокимликдан кетган бўлса ҳам сенатор рутбасини сақлаб қолиши мумкин. Масалан, Навоий вилоятига ҳокимлик қилган Қобил Турсунов истеъфога чиққанидан сўнг мақомини сақлаб қолди ва бугунги кунгача сенатор сифатидаги фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Юқори палата аъзолигидан ташқари, Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати ҳамдир. Қонунга кўра, халқ депутатлари шаҳар кенгашининг сенатор этиб сайланган депутати ваколатларининг муддатидан илгари тугатилиши унинг сенаторлик ваколатлари ҳам тугатилишига олиб келади.
17 январ куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қуруқ гап билан, ёлғон сводка билан пастга тушмагани учун президент томонидан ишдан олинган Жаҳонгир Ортиқхўжаевга шаҳар тараққиётига қўшган ҳиссаси ва кенгашни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилигини эълон қилганди. Бироқ кейинчалик номаълум сабабларга кўра миннатдорчилик матни кенгаш расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ўчириб ташланди.
Мавзуга оид
20:36 / 02.03.2024
«Пулни ўзи сизни қувсин». Жаҳонгир Ортиқхўжаев Суперлига стартидан олдин «Пахтакор» жамоаси билан учрашди
17:29 / 08.02.2024
Minerva City’ни қуришга ажратилган ер шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди — Янгиҳаёт тумани ҳокими
16:22 / 06.02.2024
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: “Биз импортга ҳар қандай чеклов қўйишга қаршимиз, у бизга зарар”
21:35 / 05.02.2024