Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи якунлари бўйича бюджет сарҳисобини эълон қилди. Бу ҳақдаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори E-qaror’га жойлаштирилган. 

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар бюджети даромадлари 21 трлн 345 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 19 трлн 30 млрд сўм прогноз 12 фоизга ёки 2 трлн 315 млрд сўмга ошириб бажарилган.

Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 трлн сўмга кўп бажарилиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 2 трлн 225 млрд сўм маблағлар қолдирилган.

Пойтахт бюджети бўйича муҳим рақамлар:

  • 2022 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари 5 трлн 22 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 4 трлн 316 млрд сўм прогноз 16 фоизга ёки 706 млрд сўмга ошириб бажарилган;
  • маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 2,2 трлн сўм (ўтказиб бериладиган даромад билан бирга) маблағлар қолдирилган. Жумладан, Миробод туманида 28,6 млрд сўм, Олмазор туманида 24 млрд сўм, Юнусобод туманида 22,9 млрд сўм, Мирзо Улуғбек туманида 19,2 млрд сўм, Чилонзор туманида 18,8 млрд сўм, Яшнобод туманида 23,6 млрд сўм ва Сергели туманида 10,9 млрд сўм;
  • ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун пойтахт маҳаллий бюджетидан 2 трлн 515,7 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 31,5 фоизи сарфланган. Ушбу маблағларнинг асосий қисмини таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатлари (376,5 млрд сўм) ва соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилган харажатлар (1 трлн 269,8 млрд сўм) ташкил этган;
  • «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2022 йил 1- ва 2-босқич якунларига кўра, жами 314 та лойиҳа «ғолиб» деб топилиб, уларга 171,2 млрд сўм ажратилган;
  • солиқ тушумлари бўйича энг кўп солиқ мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келди - 810 млрд сўм. Бу йўналишда кейинги ўринни айланмадан олинадиган солиқ тўлови бўйича тушумлар эгаллаган – 620 млрд сўм;

Сарҳисобда яна бир қизиқ рақам шуки, режага нисбатан энг юқори ўсиш жисмоний шахслар даромад солиғидан тушумлар ҳиссасига тўғри келади – прогнозга нисбатан 56 фоиз кўпроқ ёки 440 млрд сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, режага нисбатан камроқ тушумлар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи (прогноздан 2 фоизга кам) ва маҳаллий солиқлар ва йиғимлар (26 фоиз) ҳиссасига тўғри келган. 

Туманлар миқёсида энг кўп фойда Олмазор тумани ҳиссасига тўғри келди - 125 млрд сўм, кейинги ўринларда Юнусобод (120 млрд сўм) ва Чилонзор (114 млрд сўм).