Президентнинг "Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи «Тошкент шаҳар тирбандлик юқори бўлган кўчаларида ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, транспорт оқимларини самарали бошқаришни жорий этиш ва йўл ўтказгичлари қуриш концепцияси» тасдиқланади:

  • чорраҳалар ва автомобиль йўлларидан ўтаётган транспорт воситалари ҳаракатини самарали бошқариш ва тақсимлаш тизимини яратиш орқали тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш ва уларнинг сонини кескин камайтириш;
  • автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштиришда жамоат транспорти ҳаракати устунлигини таъминлаш орқали жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш ва шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автотранспорт воситаларининг сонини 20 фоизгача қисқартириш;
  • тартибга солинган йўл бўйи пулли автомобиль тўхташ жойлари тизимини ташкил этиш орқали пулли автомобиллар тўхташ жойлари сонини кўпайтириш ва бевосита шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланиш даражасини камайтириш;  
  • чорраҳалар геометрик параметрларини ўзгартириш йўли билан автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини 15 фоизга ошириш, автотранспорт воситаларидан атроф табиий муҳитга етказилаётган зарарлар миқдорини 35 фоизгача камайтириш;
  • йўл ўтказгичлар ва чорраҳаларни лойиҳалаш ва қуришда замонавий технологияларини татбиқ этиш орқали рақамлаштириш кўрсаткичини 90-95 фоизга кўтариш;
  • автотранспорт воситалари оғирлиги ва габарити назорати бўйича стационар шохобчалари тизимини яратиш орқали шаҳар йўллари бўйлаб юк ташувларини тартибга солиш.