18 январ куни Тошкент халқаро аэропортида лоукостер форматида фаолият юритадиган янги Centrum Air авиакомпаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Компаниянинг йўловчилар учун парвозлари Ўзбекистон ичида ҳам, чет эл мамлакатларида ҳам амалга оширилади.

Centrum Air компанияси ўз фаолиятига замонавий бошқарув усуллари ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини жорий қилмоқда. Бунинг учун компанияда 250 нафар маҳаллий ва 400 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар ишлайди. Хорижлик мутахассислар тажрибасини оммалаштириш мақсадида авиа-тренинглар йўлга қўйилади. 

Айни пайтда авиакомпания ҳар бири 180 кишига мўлжалланган бешта Boeing 737 ва A320 самолётлари ёрдамида йўловчиларга хизмат кўрсатади. 2023 йилда компания ўз паркини 20 та самолётга, кейинги уч йилда эса 100 тагача кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Бош директор Абдулазиз Абдураҳмонов компания Венгриянинг WizzAir компанияси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда арзон авиахизматларни йўлга қўйиш билан бошқа авиакомпаниялардан ажралиб туришини айтди: 

Абдулазиз Абдураҳмонов

“Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонлар натижасида юртимизда ички ва зиёрат туризми жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Умид қиламизки, бизнинг авиакомпания тармоқ, ички туризм ва умуман фуқаролик авиацияси ривожига ўз муносиб ҳиссасини қўшади.

Аҳолимиз ўртасида авиақатновлардан фойдаланиш маданияти суст. Марказий Осиё давлатлари ичида энг паст кўрсаткичларда десак ҳам бўлади. Вилоятлар орасидаги масофани босиб ўтиш учун 7-8 соатлаб вақт кетказишга мажбур бўлишади. Чунки рейсларимиз кам. Биз рейсларни кўпайтириш орқали шу маданиятни ривожлантиришимиз, бутун Ўзбекистонни ва Марказий Осиё давлатларини бир-бирига боғлашимиз керак” -, дейди компания раҳбари.